Жамият | 10:59 / 04.11.2024
5885
2 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда ўзаро тўқнашган Cobalt машинаси ва Isuzu автобуси ёниб кетди

Тўқнашувдан сўнг машина ва автобусдаги йўловчилар чиқариб олинган. Кўп ўтмай эса ҳар икки транспорт воситасида ёнғин келиб чиққан. Бир фуқаро енгил тан жароҳати олган, ҳалок бўлганлар йўқ.

Фото: Тошкент вилояти ФВБ

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида Cobalt ва автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот котиби хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун, 4 ноябр куни соат тахминан 7:00 ларда Тошкент вилояти, Оҳангарон туманида ҳайдовчи Д.Б. бошқарувидаги Cobalt машинаси йўлнинг мумкин бўлган қисмидан қайрилиб олаётган, ҳайдовчи О.Д. бошқарувидаги Isuzu русумли автобус билан тўқнашган.

Ҳодисадан сўнг транспорт воситаларида бўлган фуқаролар чиқариб олинган. Бироздан сўнг автоуловларда қисқа туташув юз бериб, ёнғин келиб чиққан.

Тошкент вилояти ФВБнинг билдиришича, соат 7;14 да ФВБнинг Тезкор бошқарув марказига “Тошкент-Оҳангарон” йўлининг Оҳангарон тумани Янгиҳаёт маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмида Cobalt машинаси ҳамда Isuzu автобусида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса жойига соат 7:30 да 2 та ёнғин ўчириш экипажи етиб бориб, соат 7:37 да ёнғин тўлиқ ўчирилган.

Қўшимча қилинишича, ҳодиса оқибатида бир фуқаро енгил тан жароҳати олган. Вафот этганлар йўқ.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Қамчиқ довонида юк машинаси ёниб кетгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид