Жамият | 10:37 / 04.11.2024
2524
1 дақиқада ўқилади

Шофирконда 9 ёшли қизига жароҳат етказган онага жиноят иши қўзғатилди

34 ёшли она вояга етмаган қизининг юзи ва қўлларига қизиб турган капгирни босган. Ҳозирда қиз тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Фото: Болалар омбудсмани

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида она ўз қизига тан жароҳати етказди. Ҳолат юзидан Болалар омбудсмани муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, олиб борилган терговга қадар текширув давомида ҳолат 25 октябр куни содир бўлгани аниқланган. 1990 йилда туғилган М.Ж. 2015 йилда туғилган қизи Б.А.нинг қўл ва юз қисмига ошхонада қизиган капгирни босган. Оқибатда Б.А.га тан жароҳати етказилган.

Вояга етмаган қизга нисбатан судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Ҳозирда Б.А. туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилиб, унга шифокорлар томонидан зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Қўшимча қилинишича, Шофиркон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан онага нисбатан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид