Netflixʼнинг Париж ва Амстердамдаги офисларида тинтув ўтказилди
Франциялик терговчилар Netflixʼга нисбатан 2022 йил ноябрда тергов бошлаган. Тергов солиқ фирибгарлик натижасида қўлга киритилган пулларни ювиш иши доирасида амалга оширилмоқда.
Молиявий жиноятлар ва коррупцияга ихтисослашган терговчилар Netflix стриминг сервисининг Париждаги офисида тинтув ўтказди, деб хабар беради Marianne газетаси. Тинтув солиқ тўловларидан қочиш ишига боғлиқ экани айтилмоқда.
Қайд этилишича, бир вақтнинг ўзида Нидерландия расмийлари ҳам Netflixʼнинг Амстердамдаги штаб-квартирасида тинтув ўтказган. Мамлакат прокуратураси вакили Netflix офисида Франция сўровига асосан тинтув ташкил этилганини тасдиқлаган. Идора ҳолат бўйича қўшимча изоҳ беришдан бош тортган.
Франциялик терговчилар Netflixʼга нисбатан 2022 йил ноябрда тергов бошлаган эди. Тергов солиқ фирибгарлик натижасида қўлга киритилган пулларни ювиш иши доирасида амалга оширилмоқда. Reuters агентлигининг ёзишича, Франциядаги дастлабки тергов доирасида жиноий айблов эълон қилиш кўзда тутилмаган ва бу суд жараёнларига олиб келмайди.
Netflix вакиллари ўз офисларида ўтказилган тинтувлар бўйича ҳеч қандай маълумот бермади. Эслатиб ўтамиз, стриминг сервис 2022 йилда Италияда қарийб 56 миллион евро тўлаб, солиқ билан боғлиқ можарони ҳал этганди.
Netflix — дунёдаги энг йирик обуна видеостриминг хизматларидан бири ҳисобланади. 2023 йилнинг тўртинчи чорагида сервис соф фойдасини 17 баробарга, пуллик обуначилар сонини эса 13 миллионга оширишга муваффақ бўлганди.
Мавзуга оид
23:05 / 22.11.2024
Франциядаги музейдан 7 млн евролик заргарлик буюмлари ўғирлаб кетилди
13:52 / 20.11.2024
Франция Ўзбекистонда француз тилини ўргатиш жараёнини йўлга қўяди
23:35 / 15.11.2024
Франция прокуратураси маданият вазирини судга топширишни талаб қилди
20:58 / 12.11.2024