Жамият | 16:12 / 05.11.2024
2712
1 дақиқада ўқилади

Янгийўлда “дом” қурилиши ишлар сифатсиз бажарилгани учун тўхтатилди

Янгийўл шаҳрида 48 хонадонли турар жой биноси қурилиши бино техник текширувдан қайта ўтказилгунга қадар тўхтатиб қўйилди. Бунга бинода ғишт мустаҳкам терилмагани сабаб бўлган.

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрининг Камолот кўчасида қурилаётган янги кўп қаватли уй қурилиши тўхтатилди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабар берди.

Маълум қилинишича, Янгийўл шаҳрининг Туркистон маҳалласи ҳудудида 8 қаватли, 48 хонадонга мўлжалланган бинонинг қурилиш-монтаж ишлари қурилиш талабларига зид равишда бажарилган. Жумладан, бинонинг ора ажратма деворларида ғишт териш ишларида лойиҳада белгиланган кўрсаткичларга амал қилинмаган. Ғишт териш жараёнларида СГ қурилиш сеткаларидан фойдаланилмаган. Бу эса объектда техник ва ички назорат ишламаганини кўрсатади.

Қайд этилишича, мазкур объектдаги қурилиш ишлари буюртмачи “Саидазим ота” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан масъулларга ёзма кўрсатмалар берилиб, маъмурий жарималар тайинланган. Айни пайтда бино техник текширувдан қайта ўтказилгунга қадар қурилиш ишлари тўхтатилган.

Мавзуга оид