Жаҳон | 09:19 / 06.11.2024
2739
3 дақиқада ўқилади

2024 йилги АҚШ сайловларига деярли 16 млрд доллар сарфланди

АҚШ президенти ва Конгресснинг ҳар икки палатаси аъзолари сайлови учун сайлов кампаниялари харажатлари рекордларни янгиламоқда: 2024 йилда у бу мақсадлар учун 2016 йилда сарфланган маблағдан икки баравар кўп бўлди.

Фото: Robert F. Bukaty/AP

2024 йилда АҚШ президенти, шунингдек, Конгресснинг ҳар икки палатаси депутатлари сайлови кампанияларига рекорд миқдордаги маблағ сарфланди – жами 15,9 миллиард доллар. Бундай маълумотлар 5 ноябр, сешанба куни Американинг OpenSecrets нотижорат ташкилоти томонидан эълон қилинди. Кўрсатилишича, бу маблағ 2020 йилги кампанияга сарфланган маблағдан ошиб кетган, у 15,1 миллиард долларни ташкил қилганди.

Таққослаш учун: 2016 йилда, ташкилот маълумотларига кўра, сайлов пойгаси «атиги» 6,5 млрд долларга тушган

Бироқ, OpenSecrets маълумотларига кўра, 2024 йилда Демократик номзод Камала Ҳаррис қўллаб-қувватлаш учун маблағ тўплашда муваффақият қозонган. Унинг кампанияси тўғридан тўғри хайрия сифатида миллиард доллар тўплади, бунинг 40 фоизи кичик хайриялардан иборат. Бундан ташқари, лобби гуруҳлари, Сиёсий ҳаракатлар қўмитаси (PAC) Ҳаррисни илгари суриш учун 586 миллион доллар ажратди.

Тадбиркор Майкл Блумберг демократларни 93 миллион доллар хайрия билан қўллаб-қувватлади ва Камала Ҳаррис кампаниясининг энг йирик донорига айланди. Жорж Сорос унга PAC орқали яна 56 миллион доллар юборди.

Трампни ким ва қанча миқдорда қўллаб-қувватлади?

Шу билан бирга, унинг рақобатчиси, Республикачилар партиясидан номзод, АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг сайловолди ташвиқоти тўғридан тўғри хайрия ҳисобидан 382 миллион доллар йиғди. Ушбу маблағнинг 28 фоизи кичик хайриялардан тушди. Лобби гуруҳлари унга 694 миллион доллар юборган.

Трампга бир марталик энг катта хайрия 82 ёшли тадбиркор Тимоти Меллон томонидан амалга оширилган: 197 миллион доллар. Uline логистика компанияси эгалари, миллиардер Ричард Уилейн ва унинг рафиқаси Элизабет, шунингдек, шифокор Мириам Аделсон ҳамда SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск ҳам республикачи номзодни 100 миллион доллардан ортиқ маблағ билан қўллаб-қувватлади.

Сайлов рекламасининг қиймати

AdImpact реклама агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилги кампанияларда сайловолди рекламасига 10,5 миллиард доллар сарфланган. Шу билан бирга, ушбу мақсадлар учун, айниқса, иккиланувчи деб аталадиган штатларга катта миқдорда сармоя киритилди: Пенсилванияда — 264 миллион доллар, Мичиганда — 151 миллион доллар ва Жоржияда — 137 миллион доллар.

AdImpact маълумотларига кўра, рақамли платформаларда номзодларни реклама қилиш учун 419 миллион доллар сарфланган. Шу билан бирга, Демократик партия Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги реклама учун 132,4 миллион доллар, Республикачилар партияси эса «атиги» 24,7 миллион доллар маблағ йўналтирган. Республикачилар Доналд Трампнинг фаол тарафдори Илон Маскка тегишли X микроблоглар хизматига реклама учун 1,1 миллион доллар, демократлар эса 150 минг доллар сарфлаган.

Мавзуга оид