Жаҳон | 19:46 / 06.11.2024
36090
3 дақиқада ўқилади

Путиннинг АҚШ президентлик сайлови натижаларига муносабати маълум қилинди

Россия президенти Доналд Трампни ғалаба билан табриклайдими? Кремл бунга шубҳа билдирди, чунки «АҚШ - Россия учун дўстона бўлмаган давлат».

Фото: AFP/Getty Images

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путиннинг Доналд Трампни АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклаш режасидан «хабардор эмаслигини» айтди.

«Келинг, гап бизга қарши урушда бевосита ва билвосита иштирок этаётган дўстона бўлмаган давлат ҳақида эканини унутмайлик», деди Песков брифингда.

Журналистларнинг Путин уни табрикламаса, Трамп хафа бўладими ва бу Россия ва АҚШ муносабатларини ёмонлаштирадими, деган саволига жавобан Песков қуйидагиларни айтди:

«Бундан ҳам ёмонлаштириш деярли иложсиз, чунки муносабатлар тарихий жиҳатдан энг паст нуқтада. Ва кейин бу АҚШ янги раҳбариятига боғлиқ бўлади. Президент Путин адолат, тенглик ва бир-бирининг манфаатларини инобатга олишга асосланган конструктив мулоқотга очиқ эканини бир неча бор такрорлаган. Президент Путин бу фикрида собит қолмоқда, буни бир неча бор тасдиқлаган. Айни дамда АҚШ маъмурияти мутлақо қарама-қарши фикрга эга. Кейин нима бўлишини кўрамиз», деди у.

Россия президенти матбуот котиби Трампнинг агар сайланган тақдирда Украинадаги урушни имкон қадар тезроқ тўхтатиши ҳақидаги қайта-қайта ваъдалари ҳақида гапирар экан, Қўшма Штатлар «можарони тугатишга ёрдам беришга қодирлигини», аммо буни «бир кечада амалга ошириш имконсиз» эканини таъкидлади.

«Чунки айнан АҚШ ушбу можарони қўзғатиб, доимий равишда «керосин сепиб» келмоқда, унда бевосита иштирок этмоқда. Аммо АҚШ ўз ташқи сиёсати йўналишини ўзгартиришга қодир», деди Песков.

Шу билан бирга, у АҚШ янги маъмуриятининг асл ниятлари сайланган президент инаугурациясидан кейин баҳоланиши мумкинлигини қўшимча қилди. «Баъзан ғалабадан сўнг, овал кабинетга киришга тайёргарлик кўраётганда ёки овал кабинетга кирганда баёнотлар бошқача тус олади», деди Кремл вакили.

5 ноябр куни бўлиб ўтган АҚШ президенти сайловининг расмий натижалари ҳали эълон қилинмади. Бироқ Республикачилар партияси вакили Доналд Трамп аллақачон ўз ғалабасини эълон қилди. Унга кўра, 315 нафар сайловчи ўзини қўллаб-қувватлаган. Ғалаба қозониш учун номзод 270 нафар сайловчи овозини олиши керак.

Кўплаб давлат раҳбарлари, жумладан, Украина президенти Володимир Зеленский ҳам Доналд Трампни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади.

Мавзуга оид