Жаҳон | 07:51 / 07.11.2024
6832
3 дақиқада ўқилади

Германияда ҳукмрон коалиция парчаланди

Германия канцлери Олаф Шолц 15 январ куни Бундестагда ўз ҳукуматига ишонч масаласини овозга қўяди. Бунгача Шолц молия вазири Кристиан Линднерни ишдан бўшатишини эълон қилган эди.

Фото: Getty images

Германияда Германия Социал-демократик партияси (ГСПД), Эркин демократик партия (ЭДП) ва «Иттифоқ-90/«яшиллар» партиясидан ташкил топган ҳукмрон «светофор коалицияси» парчаланди. Германия канцлери Олаф Шолц март ойида муддатидан олдин сайлов ўтказиш имкониятига эга бўлиш учун 15 январ куни Бундестагда ўз ҳукуматига ишонч масаласини овозга қўяди. Бу ҳақда 6 ноябр, чоршанба куни кечқурун Шолц маълум қилди.

Канцлер вице-канцлер Роберт Ҳабекнинг Германиянинг келажакдаги сиёсий йўналишига тезкорлик билан аниқлик киритиш зарур деган фикрга қўшилганини айтди. Рождествога қолган ҳафталар ичида Шолц Бундестагда тезкор қабул қилишни талаб этувчи, хусусан, саноатни фавқулодда қўллаб-қувватлаш, шунингдек, пенсияларни барқарорлаштириш чораларини кўришни талаб қиладиган барча қонун лойиҳаларини овозга қўйиш ниятида.

Шолц молия вазири Линднерни ишдан бўшатди

Бундан олдин Шолц ЭДП раиси бўлган молия вазири Кристиан Линднерни ишдан бўшатишини эълон қилди.

Ўша оқшом Линднернинг ўзи Шолцни қизил-яшил-сариқ коалициянинг қулашида айблади. У эркин демократлар янги сайловлардан сўнг бошқа ҳукуматда Германия тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрлигини таъкидлади.

Коалиция бўйича ҳамкорлар узоқ вақтдан бери иқтисодий, молиявий ва ижтимоий сиёсат масалалари бўйича чуқур қарама-қаршиликларга бўлинган, шунинг учун улар Германиянинг 2025 йилги бюджети бўйича келиша олмадилар.

Ўтган ҳафта охирида молия вазири Кристиан Линднернинг Германиянинг иқтисодий, молиявий ва ижтимоий сиёсатини тубдан ўзгартириш талаби билан канцлер Шолцга йўллаган мактуби ошкор бўлгач, улар ўртасидаги можаро янги куч билан авж олди. Бу хабар ГСПД ва «яшиллар» томонидан кескин танқидга учради, улар эркин демократларни мамлакат олдида турган муаммоларга ечим топиш учун биргаликда ишлашни истамасликда ва коалицияни бузиш учун сабаб топишга ҳаракат қилишда айбладилар.

Линднер Бундестагга муддатидан олдин сайлов ўтказишни таклиф қилди

Ҳукмрон коалицияда вакиллик қилаётган партиялар раислари ва уларнинг парламентдаги фракциялари раҳбарларидан иборат коалиция қўмитасининг 6 ноябр оқшомида федерал канцлер идорасида бўлиб ўтган йиғилишида Германия молия вазири ва ЭДП раиси Кристиан Линднер коалиция ҳамкорларини мамлакатда муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишга рози бўлишга таклиф қилди. Бу ҳолатда, ОАВ ёзганидек, у 2024 йил учун қўшимча бюджетни қабул қилишга тайёр бўларди ва парламент сайловлари ўтказилгунга қадар ҳамда Германиянинг янги федерал ҳукумати шаклланмагунча ўтиш давридаги вазирлар маҳкамаси таркибида қолади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид