Жамият | 09:30 / 07.11.2024
1500
1 дақиқада ўқилади

Наманганда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди

Наманган вилоятида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Департаментнинг Наманган шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда O-N. оилавий корхонаси раҳбари М.О. корхона новвойхонасида умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига яширинча уланиб, 273,3 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Уйчи ва Тўрақўрғон тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда ушбу туманларда фаолият юритувчи Z.Q. ва S.О. МЧЖ масъул шахслари ҳамда ЯТТ М.А. ишлаб чиқариш цехларида умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 161,3 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид