Жаҳон | 08:19 / 11.11.2024
2666
2 дақиқада ўқилади

Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи

Жо Байден бўлажак Трамп маъмуриятини президентлик муддати охиригача Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлигига ишонтириш ниятида.

Фото: Al Drago / CNP / Keystone Press Agency / Global Look Press

АҚШнинг амалдаги президенти, уч ойдан камроқ вақт ичида республикачи Доналд Трампга курсини бўшатиб берадиган Жо Байден президентлик муддати тугагунга қадар Украинани янада қўллаб-қувватлаш учун кампания олиб бориш ниятида. 10 ноябр, якшанба куни CBS телеканалида президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан айтишича, Байден АҚШ Конгрессида ва бўлажак Трамп маъмурияти олдида бу позициясини ҳимоя қилади.

Салливан АҚШнинг амалдаги ҳукумати Киевга Россия ҳужумига қарши курашиш учун аввалдан ваъда қилинган барча ёрдамни Трамп 2025 йил 20 январда президент лавозимига киришгунга қадар ўтказиш ниятида эканлигини тасдиқлади.

Оқ уй, шунингдек, Киев Украинага ҳарбий ёрдам кескин камайишидан хавотирда. Салливаннинг сўзларига кўра, Байден республикачиларни муддати тугаганидан кейин Украина қўллаб-қувватлашга муҳтожлигига ишонтирмоқчи, чунки «жанг майдонидаги ёки музокаралар столидаги воқеалардан қатъи назар, мамлакат хавф остида қолмоқда». Салливаннинг таъкидлашича, Россия билан музокаралар қарорини фақат Украина қабул қилиши керак.

Жо Байденнинг АҚШнинг янги сайланган президенти Трамп билан Оқ уйда учрашуви 13 ноябрга белгиланган.

Доналд Трамп 2025 йил январида инаугурация маросимидан сўнг Киев ва Москва билан музокараларни бошлаши кутилмоқда. Аввалроқ Трамп Украинадаги урушни тезда тугатишни иккинчи президентлик муддатининг устувор йўналиши деб билишини бир неча бор таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина ўртасида тинчлик битими президент лавозимига киришганидан кейин «24 соат ичида» тузилиши мумкин.

Мавзуга оид