«Трамп билан ҳам, Ғарб етакчилари билан ҳам мулоқот режаланмаяпти» — Песков
The Washington Post Трампнинг 7 ноябр куни Путинга қўнғироқ қилиб, Украина масаласини муҳокама қилгани ҳақидаги мақоласини Кремл ёлғон маълумот дея атади. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг брифингдаги баёнотига кўра, Трамп ва Путин ўртасида ҳеч қандай телефон мулоқоти бўлиб ўтмаган.
Айни вақтда на Трамп, на бирор Ғарб етакчиси билан мулоқот режаланмаяпти, дея қўшимча қилади Песков.
The Washington Post АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп 7 ноябр куни Россия раҳбари Владимир Путинга телефон қилгани хусусида хабар эълон қилганди. Орадан кўп вақт ўтмай, Россия томони буни рад этиб, хабарни ёлғон маълумот, дея атади. Гап шундаки, The Washington Post мақоласида келтирилишича, Трамп ва Путин телефон орқали норасмий суҳбат ўтказган. Мулоқотда асосий мавзу Украина уруши бўлган. Трамп президент Путинга Флоридадаги қароргоҳидан қўнғироқ қилган.
Лекин Кремл расмий вакили, Путиннинг матбуот котиби Песков брифинг ўтказиб, Трамп ва Путин ўртасида ҳеч қандай телефон қўнғироғи бўлмаганини, буларнинг ҳаммаси ёлғон эканини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, Трамп билан мулоқот қилиш бўйича ҳозирча ҳеч қандай аниқ режа йўқ. Путин матбуот котиби сўзларига кўра, Россия президенти Ғарб етакчилари билан ҳам мулоқотга тайёргарлик кўраётгани йўқ ва Москвага бу бўйича сигналлар келмаган.
Бундан ташқари, Россия Трампнинг сайлангани ортидан Европа асабийлик ва қўрқув кайфиятини кўрмоқда. Песков Украина урушининг боришига ҳам тўхталиб ўтган. Унинг гапларини айнан келтирсак, Россия махсус ҳарбий операцияни барча мақсадларига эришмагунига қадар давом эттиради. Европа ҳам можарони давом эттириш учун Украинага қурол-аслаҳа киритишда давом этмоқда. Украина қуролли кучларининг вертолётни олиб қочишга бўлган уринишлари муваффақиятсиз кечди. Бу ҳақида президент Путинга маълумот берилди, дейди Песков.
Украина томони ҳам ўз навбатида ёлғонлиги айтилаётган бу телефон мулоқотидан хабари йўқлигини билдирганди. The Washington Post мақоласида Трампнинг Путинга қўнғироғи хусусида Украина ҳукумати хабардор қилингани айтилади. Қўшимча қилинишича, Киев бу суҳбатга эътироз билдирмаган. Украина расмийлари Трамп Путин билан Киев учун дипломатик ечим бўйича ҳамкорлик қилишини аллақачон тушунган, дейишганди манбалар. Бироқ Украина ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу маълумотни рад этди. «Украина томони тахмин қилинаётган бу қўнғироқ ҳақида олдиндан хабардор этилмаган, хабарлар ёлғон. Шунга кўра, Киев қўнғироқни маъқулламайди ҳам, қаршилик ҳам қилмайди», дейди Украина идораси вакили.
Шу билан бирга, Трампнинг сайловолди кампанияси штаби вакили Каролин Левитт сайланган президент биринчи иш кунидаёқ Россия ва Украина ўртасида музокараларни ташкил қилмоқчи эканини билдирди. Трамп ростдан ҳам сайловолди ташвиқотида урушни бир кундаёқ якунлашини айтиб, машҳурликка эришганди. Бироқ Москва бу уруш оддий ечимларни қабул қилмаслигини такрор-такрор таъкидлаган.
Сиёсатшунос ва таҳлилчилар фикрича ҳам Трампнинг уруштугатар таклифлари популистик характерга эга. У на Украина, на Ғазодаги урушни тўхтата олиш имонига эга эмас. Трамп фақат Путин ва Нетаняҳуни кўндиришини айтяпти, бу ишонарсиз ваъда, дейди америкалик сиёсатшунослар.
Эслатиб ўтамиз, Трамп 2025 йилнинг 20 январ куни қасамёд қилади. Ўша санадан эътиборан у расман лавозимига киришган ҳисобланади. Амалдаги президент Жо Байден билан Трампнинг учрашуви эса 13 ноябр, чоршанба кунига белгиланган. Байден ва унинг жамоаси аллақачон мағлубиятини тан олган ва Оқ уйни тарк этишга тайёр. Байден ва Ҳаррис давлатда ҳокимиятнинг тинч алмашинуви тарафдори эканини маълум қилган.