Жаҳон | 16:55 / 12.11.2024
3772
2 дақиқада ўқилади

Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ

Иммиграция сиёсатини кучайтириш Трамп сайловолди дастурининг асосий бандларидан бири эди. Бўлажак президент бу ваъдасига содиқ эканини айтди.

Фото: AP

АҚШ президентлиги сайловида ғалаба қозонган Доналд Трамп сайловолди кампаниясида ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш ҳақидаги ваъдасини бажаришга содиқ эканини маълум қилди.

8 ноябр куни NBC телеканалига берган интервюсида у ўз ваъдасини бажаришдан бошқа чораси йўқлигини таъкидлади.

Иммиграция сиёсатини кучайтириш Трамп сайловолди дастурининг асосий бандларидан бири эди. Унинг таъкидлашича, Жо Байден маъмуриятининг «жуда юмшоқ» сиёсати миграция билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашишига ва Қўшма Штатларнинг «учинчи дунё мамлакатига» айланишига олиб келди.

The Wall Street Journal ҳисоб-китобларига кўра, депортациялар жами 20 миллион мигрантга таъсир қилиши мумкин.

Трамп ўз баёнотларида ноқонуний мигрантларга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўриш ва мавжуд миграция дастурларини қайта кўриб чиқиш зарурлигига эътибор қаратди.

Аввалроқ The New York Times газетаси, агар Трамп режаси амалга оширилса, мигрантлар учун лагерлар ташкил этилиши ва депортация қилингунга қадар шу жойларда сақланиши ҳақида хабар берган эди. Трамп, шунингдек, ўзининг биринчи президентлик даврида мигрантларга қарши қўллаган кескин сиёсатини «жуда» кенгайтириши мумкин, деб ёзди газета.

Жумладан, аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган айрим «муаммоли» мамлакатлардан мигрантларнинг киришини тақиқлаш, сил каби юқумли касалликларнинг тарқалиш хавфи туфайли киришни рад этиш (пандемия даврида бундай тақиқ коронавирус туфайли амал қилган), ҳужжатсиз шахсларни қидириш бўйича оммавий рейдлар, депортация жараёнини соддалаштириш, депортацияни кутаётганлар учун лагерлар қуриш, фаластинликларни қўллаб-қувватлаш митингларида қатнашган хорижлик талабалар учун визаларни бекор қилиш, визага мурожаат этувчиларни текширишни кучайтириш, гуманитар сабабларга кўра одамларни АҚШда вақтинчалик яшашга рухсат берувчи мақомдан маҳрум қилиш, ҳужжатга эга бўлмаган ота-оналарнинг фарзандлари учун мамлакатда туғилиш орқали фуқароликни олиш имкониятини бекор қилиш ва бошқалар.

Мавзуга оид