Фан-техника | 15:44 / 13.11.2024
2050
2 дақиқада ўқилади

АҚШда жарроҳ робот видеога қараб операция қилишни ўрганди

Методика имитацион ўқитишга асосланган: робот юзлаб реал операция видеоларини таҳлил қилиб, тажрибали шифокорларнинг ҳаракатларини такрорлади.

Фото: hub.jhu.edu

Олимлар жарроҳлик роботларига операцияларни юқори аниқлик билан бажаришга имкон берадиган тизимни ишлаб чиқди. Юзлаб реал операциялардан ёзиб олинган видеолар асосида ўқитиладиган тизим ChatGPT’га ўхшайди, аммо роботларнинг вазифаларига мослаштирилган машинавий ўрганиш технологиялари билан ишлайди.

Жонс Ҳопкинс ва Стенфорд университетлари тадқиқотчилари роботлаштирилган жарроҳлик тизимларини ўқитиш бўйича инновацион ёндашувни тақдим этди.

Методика имитацион ўқитишга асосланган: робот юзлаб реал жарроҳлик видеоёзувларини таҳлил қилиб, тажрибали шифокорларнинг ҳаракатларини такрорлади. Натижада, у мураккаб тиббий муолажаларни бажариш учун зарур бўлган аниқ ҳаракатларни ўзлаштиришга муваффақ бўлди.

Тизимни бошқариш учун ChatGPT асосига ўхшаш, бироқ робототехника вазифаларига мослаб ишлаб чиқилган архитектура қўлланилган. Тизим матн таҳлили ўрнига “роботлар тили”да “гапиради”, бунда видео маълумотларни ва кинематикани бошқариш учун математик моделларни талқин қилади.

Модель da Vinci робот камераларидан олинган ёзувлар асосида ўқитилди ва муолажаларни малакали жарроҳлардек аниқлик билан такрорлашни ўрганди.

Ўқитишда асосий эътибор муайян операцияларни эмас, балки ҳаракатлар кетма-кетлигини тушунтиришга қаратилган, деб таъкидлади тадқиқот муаллифларидан бири Жи Вун Браян Ким. Унинг айтишича, сунъий интеллект тасвирни олади, уни таҳлил қилади ва вазифани бажариш учун энг мақбул ечимни мустақил “ўйлаб” топади.

Ишлаб чиқувчилар ушбу методика роботнинг ҳар бир ҳаракатини батафсил дастурлаш заруриятини бартараф этиб, амалиётларни юқори мустақиллик билан бажаришга имкон беради, деб умид қилмоқда.

Мавзуга оид