Жаҳон | 17:26 / 13.11.2024
1093
2 дақиқада ўқилади

Балида вулқон отилиши туфайли 20 дан ортиқ халқаро рейслар бекор қилинди

Левотоби вулқони 4 ноябр куни ҳаракатга келган ва у 2 минг метр баландликка кул отганди. Аэропорт ҳаво маконига вулқон кули натижасида ҳозирча зарар етмаган.

Фото: EPA

Бали оролида Левотоби вулқони отилиши туфайли 20 дан ортиқ халқаро рейслар бекор қилинди, деб хабар беради BBC.

Нгураха Раи номидаги аэропорт бош директорининг маълум қилишича, 12 та ички ва 22 та халқаро рейс бекор қилинган, аэропорт ҳаво маконига вулқон кули натижасида ҳозирча зарар етмаган.

Левотоби вулқони 4 ноябр куни ҳаракатга келган ва у 2 минг метр баландликка кул отганди. Оқибатда яқин атрофдаги аҳоли яшаш масканларида ёнғинлар юзага келди, ҳукумат 10 мингдан ортиқ фуқарони эвакуация қилди, 9 киши ҳалок бўлди, шунингдек, 63 киши жароҳат олган. Тўртта аэропорт вақтинча ёпилди.

Бундан ташқари, Левотобидан тахминан 600 километр узоқликда жойлашган Лабуан-Бажо шаҳрида ўтказилиши керак бўлган жаз фестивали хавфсизлик нуқтаи назаридан кейинги йилга қолдирилди.

Индонезия Тинч океанининг «Оловли ҳалқа»сида — бир нечта тектоник плиталарнинг сейсмик фаоллиги юқори бўлган ҳудудда жойлашган бўлиб, мамлакатда ҳаракатдаги вулқонлар сони 130 га етади.

Октябр охирларида Индонезиядаги энг фаол вулқонлардан бири Марапи ҳаракатга келганди. Тахминан 2,9 минг метр баландликда жойлашган вулқон январь ойидан бери иккинчи огоҳлантириш даражасида бўлиб келаётганди Лаванинг отилиши хавфи сабаб алпинистлар ва маҳаллий аҳолига кратерга 3 километрдан яқинроқ бориш тақиқланган.

Мавзуга оид