Фан-техника | 15:19 / 13.11.2024
2124
11 дақиқада ўқилади

Уларни ҳар куни ютамиз: ҳавони ифлослантирувчи 10 та энг зарарли модда

Кенг тарқалган ифлослантирувчи моддалар ва улардан ҳимояланиш йўллари ҳақида.

Фото: Pexels

Дунёда ҳар 10 кишидан тўққиз нафари ифлос ҳаводан нафас олади. Ифлослантирувчи моддалар ўз таркиби, саломатликка таъсири ва келиб чиқиш манбалари бўйича ниҳоятда хилма-хил. IQAir энг кенг тарқалган ва хавфли 10 та ифлослантирувчи модда ва улардан қандай ҳимояланиш ҳақида маълумот берди.

1. Қаттиқ зарралар

Ифлосланган ҳаво таркибида сузиб юрувчи заррачалар кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Қаттиқ заррачалар (шунингдек, ҳаводаги зарралар, ифлослантирувчи зарралар ёки ҚЗ деб ҳам аталади) тупроқ, чанг, тутун ва жуда майда суюқлик томчиларидан ташкил топади. Ҳаводаги заррачалар уч хил ўлчамга эга: PM10, PM2,5 ва ўта майда заррачалар.

PM10 (йирик заррачалар)

Йирик заррачалар ёки PM10 — диаметри 2,5 микрометрдан 10 микрометргача бўлган нафас олинадиган заррачалардир.

Чордоқда учиб юрган чанг ёки ўрмон ёнғинидан кўтарилаётган тутун — булар кўз билан кўриш мумкин бўлган PM10 зарраларига мисол. Ушбу моддалар томоқ, кўз ва бурунга таъсир кўрсатиб, соғлиқ учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

PM2.5 (майда заррачалар)

Майда заррачалар ёки PM2.5 — диаметри 2,5 микрондан кичик бўлган нафас олинадиган заррачалар бўлиб, уларни фақат микроскоп орқали кўриш мумкин. Майда дисперсли заррачаларнинг кенг тарқалган манбаларига уй ҳайвонлари юнгидаги қазғоқ, бактериялар, шунингдек, қурилиш майдонлари ва биноларни бузиш жойларидаги чанг киради. PM2.5 заррачалари шунчалик кичикки, улар ўпка тўқималарига кириб, астма, бронхит ва эмфизема каби нафас касалликларини келтириб чиқариши мумкин.

Ушбу моддаларнинг узоқ муддатли таъсири ўпка фаолиятини ва умр кўриш давомийлигини ҳам пасайтиради.

Ултра юпқа зарралар

Ўта нозик заррачалар 0,1 микрондан кичик диаметрга эга ва ҳавода мавжуд барча ифлослантирувчи моддаларнинг тахминан 90 фоизини ташкил қилади

Қайси бири энг хавфли?

Ултра юпқа зарралар энг хавфли қаттиқ заррачалар ҳисобланади, чунки жуда кичик ўлчами туфайли улар нафас орқали танага осон киради. Сўнг ўпкага ўтади ва тўғридан тўғри қонга сўрилади, натижада организмнинг исталган аъзосига тезда етиб бориши мумкин.

Ушбу моддалар инсон саломатлигига, айниқса, жиддий таъсир кўрсатиб, инфаркт ва инсулт хавфини оширади ҳамда умр кўриш давомийлигини қисқартиради.

2. Уй ҳайвонлари қазғоғи

Кўпчилик ит-мушукларни яхши кўради, улар билан дўст тутинади, лекин уй ҳайвонларига аллергияси бор миллионлаб одамлар учун бу дўстлик стрессли (ва нафас олишни қийинлаштирадиган) бўлиши мумкин.

Ҳайвонлар қазғоғи — қушлар, мушуклар, итлар, кемирувчилар ва бошқа мўйнали ёки патли ҳайвонлар терисидан ажралиб чиқадиган микроскопик заррачалардир.

Бу заррачалар уйга, мактаблар, касалхоналар ва бошқа жамоат жойларига осонгина тарқалади — ҳатто у ерда ҳайвонлар бўлмаса ҳам. Ушбу ифлослантирувчи модданинг таъсири уй ҳайвонларига нисбатан аллергияни келтириб чиқариши мумкин, бу эса қуйидаги аломатларга етаклайди:

  • аксириш;
  • тумов;
  • қичишиш, қизариш ёки кўздан ёш оқиш;
  • бурун битиши.

Бундан ташқари, агар астма касаллигидан азият чексангиз, уй ҳайвонлари қазғоғининг таъсири унинг белгиларини кучайтириши мумкин.

Агар севимли ҳайвонларингиздан воз кечишни истамасангиз, уларнинг қазғоғини назорат қилиш, бутун уйни тозалаш учун ҳаво тозалагичдан фойдаланиш ҳамда бошқа чоралар кўриш мумкин.

3. Чанг

Чанг мавсумий аллергиянинг энг кўп учрайдиган сабабчиларидан бири.

Ҳар йили баҳор, ёз ва кузда ўсимликлар ўз турларига мансуб бошқа ўсимликларни чанглатиш учун майда чанг зарраларини тарқатади. Бу зарралар ҳавога кўтарилгач, нафас олиш тизимига киради. У ерда организм уларга бегона унсур сифатида қараб, улар билан курашиш учун антитаначалар ишлаб чиқаради.

Аллергик реакцияларни келтириб чиқарадиган чангларнинг аксарияти дарахтлар, ўтлар ва бегона ўтлардан келиб чиқади. Чангга аллергияси бор одамлар ҳам аксириш, тумов ва бурун битишидан азият чекади.

4. Моғор

Содда қилиб айтганда, моғор бу — замбуруғнинг бир тури.

Кўпчилик моғор деганда эскирган нондаги жирканч яшил ғуборни тушунади, бироқ моғорнинг 100 000 дан ортиқ турлари мавжуд;

Моғор учга бўлинади: аллерген, патоген ва токсикоген. Аллерген моғорлар енгил аллергияни кучайтириши мумкин, патоген моғорлар эса иммун тизими заиф бўлган одамларда инфекция чақириши мумкин. Stachybotrus charatrum ёки қора моғор каби токсик моғорлар одамлар ва ҳайвонларда заҳарли реакцияни келтириб чиқаради.

Ушбу моддалар нам ва ҳўл юзаларда тўпланади.

5. Қўрғошин

Қўрғошиннинг соғлиққа таъсири узоқ муддатли бўлиб, қўрғошин таъсирига қанчалик кўп учрасангиз, кейинчалик жиддий соғлиқ муаммолари кўпроқ безовта қилади. Ушбу моддадан зарарланиш белгилари қуйидагича:

  • қон ишлаб чиқариш, асаб, сийдик ажратиш ва кўпайиш тизимларининг жиддий зарарланиши;
  • марказий асаб тизими ва миянинг оғир шикастланиши;
  • буйрак касаллиги;
  • қўрғошин билан заҳарланишдан ўлим.

6. Учувчан органик бирикмалар

Учувчан органик бирикмалар қаттиқ ёки суюқ моддалардан ажралиб чиқадиган газлар бўлиб, улар бино ичидаги ҳавонинг ифлосланишига сезиларли ҳисса қўшади.

Ушбу модда хонадонлардаги кўплаб буюмлардан ажралиб чиқади:

  • қурилиш материаллари ва мебеллар;
  • бўёқлар, лак кетказувчи воситалар ва бошқа эритувчилар;
  • тозаловчи ва дезинфексияловчи воситалар;
  • ҳаво хушбўйлагичлар ва аэрозолли спрейлар;
  • пестицидлар;
  • “химчистка” қилинган кийимлар.

Ушбу моддаларнинг таъсири соғлиқ учун кўплаб қисқа ва узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши мумкин, масалан:

  • кўз, бурун ва томоқ зарарланиши;
  • бош оғриғи, координациянинг бузилиши ва кўнгил айниши;
  • жигар, буйрак ва марказий асаб тизимининг шикастланиши;
  • ҳорғинлик;
  • аллергик тери реакцияси;
  • саратон.

7. Углерод монооксиди (CО)

“Кўринмас қотил” сифатида танилган углерод монооксиди (CО) ҳидсиз ва рангсиз газ бўлиб, кўпинча сезилмайди ва ҳар йили юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлади.

Ис гази, одатда ёниш жараёнлари натижасида ҳосил бўлади, масалан, ёғоч, нефт, кўмир, ёғоч кўмири, табиий газ ва пропан ёқилганда. Аммо уни хонадон ичида ҳам учратиш мумкин.

Енгил ва ўртача оғирликдаги ис газидан заҳарланиш қуйидагилар билан тавсифланади:

  • бош оғриғи;
  • ҳорғинлик;
  • ҳансираш;
  • кўнгил айниши;
  • бош айланиши;

Ис газидан оғир заҳарланиш қуйидаги оқибатларга олиб келади:

  • онг хиралашиши;
  • қайт қилиш;
  • мушак ҳаракатларининг мувофиқлигини йўқотиш;
  • ҳушдан кетиш;
  • ўлим;

Ушбу хавфли моддани кўриб ёки ҳидлаб бўлмагани учун, уйингиздаги ҳар бир ётоқхона яқинидаги йўлакка ис гази детекторини ўрнатиш ниҳоятда муҳим. Уларни ҳар беш йилда алмаштириш керак. Шунингдек, мўриларни тозалаб туриш, уйни иситишда газ печидан фойдаланмаслик қаттиқ тавсия этилади.

8. Озон (О3)

Озон (О3) Ер атмосферасининг юқори қатламларида табиий мавжуд бўлган газ, у қуёшнинг зарарли ултрабинафша нурларини қайтаришга ёрдам беради. Бироқ озон ер сатҳида пайдо бўлганда, инсон саломатлиги учун заҳарли ҳисобланади.

Автомобиллар, электростанциялар, нефтни қайта ишлаш заводлари ва бошқа манбалардан чиқаётган ифлослантирувчи моддалар қуёш нури иштирокида кимёвий реакцияга киришганда озон ҳосил бўлади. Ёзнинг иссиқ кунларида кўп смог ҳосил бўлиши кузатилади. Чунки кун қанча иссиқ ва қуёш қанча кучли бўлса, шунча кўп озон ҳосил қилинади.

Озон таъсири соғлиқ учун кўплаб хавотирли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин:

  • ҳансираш, хириллаш ва йўтал;
  • астма хуружлари;
  • респиратор инфекцияларнинг юқори хавфи;
  • инсултнинг юқори хавфи;
  • эрта ўлимнинг юқори хавфи.

9. Азот диоксиди (NO2)

Азот диоксиди (NO2) — машиналар ҳаракати ва қазиб олинадиган ёқилғини ёқиш жараёнлари натижасида ҳосил бўладиган ўткир ҳидли газ.

Азот диоксиди озон ва қаттиқ заррачаларнинг шаклланишига асос бўлади, шунингдек, кислотали ёмғирларнинг пайдо бўлишида ҳам муҳим рол ўйнайди.

Агар уйдаги иситкич ёки газ плитангизда вентиляция тизими бўлмаса, ушбу модда таъсирига тушиб қолишингиз мумкин. Азот диоксиди соғлиққа қуйидаги салбий таъсирларни кўрсатиши мумкин:

  • ўпка зарарланиши;
  • нафас йўллари инфекцияларига чидамлиликнинг пасайиши.

10. Олтингугурт диоксид

Олтингугурт (SO2) — рангсиз газ ёки кучли ҳидли суюқлик.

Афсуски, ҳавода олтингугурт оксидининг мавжудлиги деярли тўлиқ инсон омили билан боғлиқ. Олтингугурт диоксиди кўмир ва нефт каби қазиб олинадиган ёқилғиларни ёқишда, саноат жараёнларида, шунингдек, алюминий каби минерал рудаларни эритишда ҳосил бўлади.

Бу зарарли газ кўпинча смог ва кислотали ёмғирларга сабаб бўлади. Олтингугурт диоксидининг соғлиққа қисқа муддатли таъсири оқибатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • бурун ва томоқнинг таъсирланиши;
  • ҳансираш;
  • ўлим.
  • Олтингугурт диоксиди таъсирининг соғлиқ учун узоқ муддатли оқибатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
  • ўпка функциясининг тузатиб бўлмас бузилишлари;
  • ўткир респиратор касалликлар.

Ҳаво ифлосланишидан қандай ҳимояланиш мумкин?

Ҳаво ифлосланишини ёлғиз тўхтата олмаслигингиз мумкин, лекин ўзингиз ва яқинларингизни ҳавонинг хавфли ифлослантирувчи моддалари таъсиридан ҳимоя қилиш учун қуйидаги амалий чораларни кўришингиз мумкин:

  • Ҳаво сифатини назорат қилувчи қурилмадан фойдаланинг.
  • Хонадаги ифлослантирувчи моддаларни тозалаш учун юқори самарали ҳаво тозалагич ишлатинг.
  • Газ қурилмаларига малакали мутахассис томонидан мунтазам хизмат кўрсатилишини таъминланг.
  • Ўтин ўрнига газга ўтиш имкониятини кўриб чиқинг. Тўғри хизмат кўрсатилган тақдирда ҳам ўтин ёқиладиган печ ва каминлар CО, NO2 ва ўта юпқа заррачалар каби ҳавони ифлослантирувчи моддаларни сезиларли миқдорда чиқаради.
  • Заҳарли синтетик тозалаш воситалари, бўёқлар ва бошқа маиший кимёвий воситалардан воз кечинг. Уларни экологик тоза табиий маҳсулотлар билан алмаштиринг.
  • Уйингиздаги моғор ва аллергия манбаларини тозаланг.
  • Махсус ҳаво тозалагич ёрдамида автомобил ҳавосини тозаланг. Автомобилларнинг ифлосланиши сиз ўйлагандан кўра анча хавфли: янги автомобиллар салонида 275 дан ортиқ хавфли кимёвий моддалар мавжуд.

Мавзуга оид