Жаҳон | 16:56 / 14.11.2024
1959
2 дақиқада ўқилади

АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди

Энди Трамп АҚШ Конгрессида кўпчилик ўринни эгаллаган республикачилар билан бирга 2026 йилда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларга қадар мамлакат ҳукуматида кучли таъсирга эга бўлади.

Фото: Getty Images 

5 ноябр куни бўлиб ўтган сайловларда Республикачилар партияси АҚШ Конгрессининг иккала палатасида ҳам кўпчиликни қўлга киритиб, сезиларли муваффақиятга эришди.

Associated Press (AP) томонидан эълон қилинган норасмий маълумотларга кўра, республикачилар Сенатда (Конгрессининг юқори палатаси) 53 ўрин ва Вакиллар палатасида 218 ўринга эга бўлди.

Шу тариқа, республикачи Доналд Трамп президентлик пойгасида ғалаба қозонган сайловда Республикачилар партияси АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатасида ҳам кўпчиликни қўлга киритиб, сезиларли муваффақиятга эришди.

Ушбу овоз бериш натижалари туфайли Трамп АҚШ Конгрессида кўпчилик ўринни эгаллаган республикачилар билан бирга 2026 йилда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларга қадар мамлакат ҳукуматида кучли таъсирга эга бўлади.

Трампнинг президентлик пойгасида ғалаба қозонган 2016 йилги сайловда ҳам республикачилар Сенатда ҳам, Вакиллар палатасида ҳам кўпчиликни қўлга киритган эди.

Икки етакчи сиёсий кучдан иборат АҚШ Конгрессининг таркиби мамлакат сиёсий ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлиб, Америка президентининг фаолият доирасига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Президент Конгресс билан ҳамкорлик қилиши керак, айниқса бюджет тузиш, қўшин юбориш каби қарорлар ва ташқи сиёсат каби масалаларда. АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида 2 йиллик муддатга сайланадиган 435 нафар овоз берувчи аъзо бор. АҚШ Сенати 6 йил муддатга сайланадиган ҳар бир штатдан 2 та сенатордан иборат 100 аъзодан иборат. Шундай қилиб, ҳар 2 йилда бир марта ўтказиладиган Конгресс сайловлари доирасида Вакиллар палатасининг бутун таркиби ва Сенатнинг 1/3 қисми ўзгаради.

Мавзуга оид