Ўзбекистон | 15:35 / 14.11.2024
1253
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Венгрия саноат парки ташкил этилади

Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Business Club Eastern Europe клубида Венгрия ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Венгриянинг 20 дан ортиқ етакчи компаниялари вакиллари қатнашган тадбирда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий  имкониятлари ҳақида батафсил сўзлаб берилди

Ўзбекистон расмий вакили Венгрия бизнеси учун салмоқли салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, Inpark компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда Венгрия саноат паркини ташкил этиш режалари катта қизиқиш уйғотди. Қайд этилганидек, ушбу лойиҳа мамлакатлар ўртасидаги саноат алоқаларини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади.

Бундан ташқари, элчи учрашув иштирокчиларини 5 декабр куни Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган бизнес тадбирда иштирок этишга таклиф қилди. Таъкидланганидек, бу Сурхондарё вилоятининг инвестициявий салоҳияти билан яқиндан танишиш, шунингдек, истиқболли инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш ва маҳаллий тадбиркорлар билан В2В шаклида учрашувлар ўтказиш учун ноёб имконият яратади.

Тақдимотдан сўнг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Венгрия компаниялари вакиллари Ўзбекистоннинг юқори иқтисодий ўсиш даражаси ва салмоқли салоҳиятини қайд этиб, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Бундан ташқари, венгер компаниялари раҳбарлари мамлакатимизнинг ишбилармонлик муҳити билан танишиш, потенциал лойиҳаларни баҳолаш ва келгусида ҳамкорлик ришталарини боғлаш, мамлакат тадбиркорлари билан тўғридан тўғри алоқаларни ўрнатиш мақсадида Ўзбекистонга сафар қилиш режалари ҳақида маълум қилдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид