Жаҳон | 08:31 / 14.11.2024
5526
3 дақиқада ўқилади

Париж прокуратураси Марин Ле Пенга 5 йиллик қамоқ жазосини талаб қилмоқда

Ўта ўнг «Миллий бирлашув» партиясининг амалдаги етакчиси 5 йилга қамалиши, шунингдек, худди шу муддатга давлат лавозимларида ишлаши тақиқланиши мумкин. Партия 2 миллион евро миқдорида жаримага тортилиши кутилмоқда.

Фото: Bertrand GUAY / AFP

Париж прокуратураси Франциянинг ўта ўнг «Миллий бирлашув» (собиқ «Миллий фронт») партиясининг парламентдаги фракцияси етакчиси Марин Ле Пенни беш йилга озодликдан маҳрум этишни сўради, шундан уч йили шартли бўлиши керак. Бу Европа парламенти маблағларини нотўғри сарфлаш иши бўйича текширув билан боғлиқ, деб хабар берди 13 ноябр, чоршанба куни BFMTV.

Агар суд айбловларга рози бўлса, 56 ёшли Ле Пен 2027 йилда бўлиб ўтадиган Франция президентлик сайловларида ҳам иштирок эта олмайди, чунки унга худди шу муддатга давлат лавозимларида ишлаш тақиқланади. Прокурорлар партияни икки миллион евро жаримага тортишни ҳам истамоқда. Аввалроқ ўнг сиёсатчи Европарламентга 330 минг евро тўлаши лозимлиги тўғрисида ҳукм чиқарилган эди.

Прокуратура адвокатлар апелляция шикояти билан мурожаат қилган тақдирда ҳам, давлат лавозимида ишлашни тақиқлаш дарҳол кучга киришини талаб қилди. Ле Пеннинг ўзи прокурорларни «французларни ўзлари хоҳлаган кишига овоз бериш имкониятидан маҳрум қилиш»да айблади. «Мен энг кичик қоидабузарлик ёки энг кичик ноқонуний хатти-ҳаракатга йўл қўйганимни мутлақо ҳис қилмаяпман», деди у.

Марин Ле Пен ва унинг шериклари устидан суд 

30 сентябр куни Париж жиноий судида Марин Ле Пен бошчилигидаги Франциянинг ўта ўнг «Миллий бирлашув» раҳбариятига нисбатан суд жараёни бошланди. Ле Пен ва бошқа 20 дан ортиқ партия вакиллари Европа Иттифоқи маблағларини ўзлаштирганликда ва Европарламент депутатларининг ёрдамчиларини сохта ёллаш орқали партияни яширинча молиялаштирганликда айбланмоқда. Ушбу айблов бўйича энг кўп жазо ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишдир. Умумий зарар деярли 7 миллион еврога баҳоланмоқда.

Айблов хулосасига кўра, «Миллий бирлашув»дан Европарламент депутатларига ёрдамчи сифатида ёлланган одамлар аслида Европа Иттифоқидаги ўз вакиллари учун эмас, балки шахсан Ле Пен ёки унинг партияси учун ишлаган. Шундай қилиб, «ёрдамчилари»дан бири - Терри Леге партия асосчиси Жан-Мари Ле Пеннинг қарийб йигирма йил давомида қўриқчиси бўлган, кейинроқ Марин Ле Пеннинг тансоқчисига айланган. Шунингдек, у ўз фаолияти ҳақида китоб нашр этди, унда Европа парламентидаги лавозим ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.

Мавзуга оид