Жаҳон | 15:50 / 16.11.2024
1063
3 дақиқада ўқилади

РФ ва Ғарб ўртасида янги маҳбуслар алмашинуви февралда бўлиб ўтиши мумкин

Екатеринбургда судланган Ксения Карелина Россия Федерацияси ва Ғарб ўртасида янги маҳбус алмашинуви рўйхатига киритилган, деди унинг адвокати. Ўз навбатида, социолог Борис Кагарлицкий алмашинувларда иштирок этишдан бош тортди.

Фото: AP

2025 йил февралида Россия ва Ғарб яна маҳбусларни алмашиши мумкин, деди Екатеринбургда Украина жамғармасига хайрия қилгани учун судланган Россия ва АҚШ фуқароси Ксения Карелинанинг адвокати. «Менда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, Ксения Карелина алмашинув рўйхатида», — деди Михаил Мушаилов 14 ноябр, пайшанба куни «Понятно.медиа» YouTube-каналига берган интервюсида.

Унинг сўзларига кўра, у алмаштириш учун рўйхатга киритилиши мумкин бўлган бошқа маҳкумларнинг исмларини билмайди. Бундан ташқари, у алмашинувни таъминловчи Ғарб томони билан алоқада эмас.

Борис Кагарлицкий алмашинув рўйхатларига киритилмаслигини сўради

Айни пайтда, терроризмни оқлагани учун 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган социолог Борис Кагарлицкий 14 ноябр оқшомида янги маҳбуслар алмашинуви рўйхатига кирмасликка чақирган баёнотини эълон қилди. «Мен бир неча бор айтдим ва яна такрор айтаманки, мен бу рўйхатларга қўшилмаслигимни сўрайман, агар кетмоқчи бўлсам, мен буни ўзим қилган бўлардим, лекин мен ватанимни тарк этмоқчи эмасман ва агар бу қамоққа тушишим кераклигини англатса, мен қамоққа тушаман», деб ёзган у. Кагарлицкийнинг таъкидлашича, тўлиқ озодлик барча сиёсий маҳбуслар учун ўз ватанларида зарур.

Аввалроқ Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан алоқадор Mash Telegram-канали келаси йилнинг февралида АҚШ билан янги маҳбуслар алмашинуви мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Унга кўра, Россия ТИВ томонидан тайёрланган рўйхатга Қўшма Штатлар томонидан «жосуслик ва санкцияларни четлаб ўтишнинг яширин схемаларини ташкил этишда» айбланган 70 киши киритилган. Ўз навбатида Вашингтон, бошқалар қатори АҚШ армияси сержанти Гордон Блэк ва полициячига ҳужум қилишда айбланган америкалик Жозеф Татерни қайтаришга интилмоқда. Бу маълумот расмий тасдиқлангани йўқ.

2024 йил 1 август куни Туркия пойтахти Анқара шаҳрида Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида кенг кўламли маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Россия Федерацияси 16 кишини, жумладан Беларусда афв этилган Германия фуқаросини топширди. 10 киши Москвага қайтиб келди — россиялик жосуслар, уларнинг икки фарзанди, киберфирибгарлар ва ФСБ ходими Вадим Красиков. Россиялик сиёсий маҳбуслар Владимир Кара-Мурза, Иля Яшин, Олег Орлов ва бошқалар, жумладан, америкалик журналистлар Эван Гершкович ва Алсоу Курмашева озод қилинди.

Мавзуга оид