Жаҳон | 21:10 / 17.11.2024
9517
2 дақиқада ўқилади

Туркия Исроил президентининг самолётини ўз ҳаво ҳудудига киритмади — ОАВ

Оқибатда Исаак Ҳерцог Озарбойжонда бўлиб ўтган БМТ иқлим саммитига боролмагани таъкидланмоқда.

Фото: Anadolu Agency

Исроил президенти Исаак Ҳерцог Озарбойжонда бўлиб ўтган БМТ иқлим саммитига (COP29) сафарини бекор қилди. Yedioth Ahronot газетасига кўра, бунга Туркия ҳаво ҳудудини унинг самолёти учун ёпиб қўйилгани сабаб бўлган. Боку бу борада Анқара билан музокара олиб боргани, аммо улар «натижа бермагани» таъкидланмоқда.

Президент девони дастлаб сафарнинг бекор этилишига «хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар» сабаб бўлганини маълум қилди. Бироқ, Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлигининг исмини ошкор этмаган расмийси Ҳерцог хавфсизлик муаммолари туфайли эмас, балки Туркия тақиқи туфайли Бокуга келмаганини айтди.

«Озарбойжон иқлим конференциясида барча томонларнинг иштирок этиши учун тегишли шарт-шароитларни яратиб берди, бироқ Исроил президенти ташрифи билан боғлиқ ҳолат мамлакатимизга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юзага келди», деди манба.

Анқара ва Тел-Авив ўртасидаги дипломатик муносабатлар Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти фонида ёмонлашди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил сиёсатини бир неча бор танқид қилиб, анклавда содир бўлаётган воқеаларни геноцид деб атаган. Август ойида Туркия парламенти Адлия комиссияси раиси Жунейт Юксел мамлакат Исроилга қарши Халқаро Судга киритилган жамоавий даъвога қўшилганини эълон қилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид