Жаҳон | 19:01 / 19.11.2024
2100
3 дақиқада ўқилади

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҲАМАС етакчилари Доҳада эмаслигини маълум қилди

Аммо мамлакат ҲАМАС офисини ёпмоқчи эмас. Шу билан бирга ҳозирги вақтда Ғазо секторидаги келишув бўйича ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги Қатар воситачилиги тўхтатилган.

Фото: Getty Images 

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси етакчилари айни дамда Доҳада эмас, лекин ҳаракатнинг Қатар пойтахтидаги офиси ёпилмаган. Бу ҳақда Қатар Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мажид бин Муҳаммад ал-Ансорий журналистлар учун ўтказилган брифингда маълум қилди, деб хабар берди ТАСС.

«Аниқ айтаман, музокаралар гуруҳининг бир қисми бўлган ҲАМАС етакчилари ҳозир Доҳада эмас ва билганингиздек, улар турли пойтахтлар орасида ҳаракатланади», деди у.

«Бу нимани англатишини батафсил баён қилишни истамайман, лекин аниқ айта оламанки, Доҳадаги ҲАМАС ваколатхонаси воситачилик мақсадида ташкил этилган. Очиғи, воситачилик бўлмаганида, офиснинг ўзи ҳам ҳеч қандай вазифани бажармайди. Ҳозирча улар Доҳада эмаслигини тасдиқлашим мумкин, аммо бу нимани англатишини батафсил баён қилмайман», деб давом этди у.

Ал-Ансорий сўзларига кўра, ҳозирги вақтда [Ғазо секторидаги келишув бўйича] ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги воситачилик тўхтатилган.

«Биз Доҳада ҲАМАС офиси бўлиши учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпмиз. Лекин уни ёпиш, офисни абадий ёпиш тўғрисидаги қарор тўғридан-тўғри биздан эшитиладиган қарор ва бу ОАВ миш-мишларининг бир қисми бўлмаслиги керак», деди у.

Аввалроқ Британиянинг Financial Times газетаси манбаларга таяниб, Қатар АҚШ босими остида ҲАМАС раҳбариятидан мамлакатни тарк этишни сўраганини, чунки ҳаракат воситачиларнинг исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар доирасидаги таклифларини бир неча бор рад этгани ҳақида хабар берган эди. 9 ноябр куни ал-Ансорий ҲАМАС сиёсий бюросининг Доҳадаги ваколатхонаси ёпилгани ҳақидаги маълумотни рад этди ва унинг мамлакатда бўлишидан асосий мақсад «манфаатдор томонлар ўртасидаги алоқа каналини» сақлаб қолиш эканлигини таъкидлади.

ҲАМАС сиёсий идораси 2012 йилдан бери Доҳада фаолият кўрсатмоқда. Қатар ҲАМАС етакчиларига сиёсий бошпана берган ва бу ҳаракатнинг хориждаги ваколатхонаси учун платформага айланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид