Жаҳон | 13:12
893
3 дақиқада ўқилади

Трамп собиқ конгрессмен Даффини транспорт вазири лавозимига таклиф қилди

Трампнинг сўзларига кўра, бўлажак вазир учувчилар ва авиадиспетчерлар ўртасида ирқий хилмахилликни қўллаб-қувватлаш дастурларини бекор қилади. 53 ёшли Шон Даффи 2011-19 йилларда конгрессмен бўлган ва ҳозирда телебошловчи ҳисобланади.

Шон Даффи Фото: Steven Ferdman/Getty Images

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ўз маъмуриятида транспорт вазири лавозимига собиқ конгрессмен, ҳозирда телебошловчи бўлган Шон Даффини номзодини илгари сурди. 18 ноябр, душанба куни бу лавозимга номзодини эълон қилар экан, Трамп Вакиллар палатасида «фискал масъулият» учун курашган Даффининг ишини юқори баҳолади.

Доналд Трампнинг сўзларига кўра, Висконсин штатидан собиқ конгрессмен Конгрессдаги ҳамкасблари билан йўллар ва кўприклар қуриш бўйича муҳим лойиҳалар устида ишлаган ва вазир сифатида у учувчилар ва ҳаво ҳаракатини назорат қилувчилар ўртасида ирқий хилмахилликни қўллаб-қувватлаш дастурларини бекор қилади. «У Американинг автомобил йўллари, туннеллари, кўприклар ва аэропортларини модернизация қилишда сифат, малака, рақобатбардошлик ва гўзалликни биринчи ўринга қўяди», деди Оқ уйнинг бўлажак раҳбари.

Даффи 2011 йилдан 2019 йилгача АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси бўлиб ишлаган.

Ҳозирда 53 ёшли тўққиз фарзанднинг отаси Шон Даффи Fox Business телеканалида бошловчи бўлиб ишлайди ва ўта консерватив Fox News телеканали билан ҳамкорлик қилади, у ерда Трампнинг мудофаа вазири лавозимига номзоди Пит Ҳегсет дастурларни олиб боради.

Трамп нефт компанияси раҳбарини энергетика вазири этиб танлади

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп энергетика вазири лавозимига Денверда жойлашган Liberty Energy нефт хизматлари компанияси асосчиси ва бош директори Крис Райт номзодини илгари сурди. Бу ҳақда Трампнинг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 16 ноябр куни кечқурун чоп этилган баёнотида айтилади.

«Крис етакчи энергетика технологи ва тадбиркор. У ядро, қуёш, геотермал, нефт ва газ саноатида ишлаган. Энг муҳими, Крис Американинг энергетик мустақиллигини таъминлаган ва глобал миқёсда ўзгарган сланец инқилобини бошлашга ёрдам берганлардан бири», деб ёзган Трамп ўз баёнотида.

Қайд этилишича, Райт, агар унинг номзоди тасдиқланса, Трамп 15 ноябр куни тузилиши ҳақида эълон қилган Миллий энергетика кенгашига ҳам қўшилади. Ушбу кенгаш раиси Шимолий Дакота штати губернатори Дуглас Бергам бўлади, у аввалроқ Трамп томонидан ички ишлар вазири лавозимига кўрсатилган эди.

Тадбиркорнинг ўзи X ижтимоий тармоғида АҚШ Энергетика вазирлиги раҳбари сифатида «Америка энергиясини янада қулай, ишончли ва хавфсизроқ қилиш»га эътибор қаратишини айтди.

Мавзуга оид