20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Қайта тасдиқланган бош вазир, 2025 йил учун берилган ном, Қозоғистон ва Тожикистонга ID-карта билан бориш имконияти ва янги ҳукумат олдига қўйилган вазифалар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Абдулла Арипов яна бош вазир
Президент Янги Ўзбекистон янги парламенти билан бирга ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига қадам қўяётганини таъкидлади. Бу янги даврда кечаги талаб ва мезонлар билан, эскича ишлаб бўлмаслиги қайд этилди.
Шу боис ҳукумат ўз фаолиятини мутлақо янгича асосда ташкил этиши керак, бунинг учун унга кучли раҳбар, яъни бош вазир зарур, деди президент.
Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси бош вазири лавозимига Абдулла Ниғматович Арипов номзодини кўрсатишга қарор қилганини айтди.
Президент Абдулла Арипов номзодини депутатлар муҳокамасига тақдим этди. Яширин овоз бериш йўли билан депутатлар Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига маъқуллади.
63 ёшли Абдулла Арипов 2016 йил 13 сентярдан буён Ўзбекистон ҳукуматини бошқариб келмоқда.
2025 йилга ном берилди
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқида экология ва иқлим ўзгариши масалаларига тўхталди.
Мамлакатимизда уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошлангани, қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришилгани қайд этилди. Пойтахтимизда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилди.
Билдирилган тавсиялардан келиб чиққан ҳолда, бу борадаги ишларни янги, янада юксак босқичга кўтариш мақсадида Шавкат Мирзиёев 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф этди.
Ҳукумат йил номида белгиланган энг муҳим вазифалар бўйича давлат дастурини ишлаб чиқиши белгиланди.
Бу дастурда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этиши зарурлиги таъкидланди.
Қозоғистон ва Тожикистонга ID-карта билан
Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга ID-карта билан бемалол бориб-келмоқдалар. Энди шундай тартибни Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам жорий этиш режалаштирилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида айтиб ўтди.
Дўст ва ҳамкорлар доирасини кенгайтириш, яқин қўшнилар билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ўта муҳим вазифадир, деди президент.
Келгуси йили юртимизда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё бешлиги” учрашуви шу йўлдаги яна бир улкан амалий қадам бўлади. Ҳозир фуқаролар Қирғизистонга ID-карта билан бемалол бориб-келмоқда. Энди шундай тартибни Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам жорий этиш режалаштирилган.
Президент белгилаган вазифалар
Бугун президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда президент томонидан бир қатор вазифалар ва режалар белгилаб берилди. Уларнинг энг муҳимларини санаб ўтамиз.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари салоҳиятини оширишга эътибор кучайтирилади.
“Мамлакатимиз хавфсизлиги, юртимиз мудофааси нафақат Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, барча инсонларнинг муқаддас бурчидир. Бунинг учун ягона Ватан, кўп миллатли ягона аҳил оила туйғуси ҳар биримизнинг қалбимиз, юрагимиздан чуқур жой олиши лозим”, — деди президент.
Дунёда турли хатар ва таҳдидлар авж олиб бораётган ҳозирги шароитда Қуролли Кучларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга эътибор янада кучайтирилиши белгиланди.
Ўзбекистонда бу йил ялпи ички маҳсулот ҳажми 110 млрд долларга етиши кутилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида келгуси йиллар учун катта марралар белгилаб олингани, хусусан, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган.
Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётдаги ўзгаришларни жадал давом эттирилса, 2030 йилга бориб, иқтисодиёт ҳажмини 200 млрд долларга етказиш мумкинлигига ишонч билдирилди.
2025 йилда 1 млн аҳолини камбағалликдан чиқариш ҳукумат иқтисодий комплекси асосий вазифаси бўлади.
Шу мақсадда камбағал оилалар болалари мактабларда чет тили, касб-ҳунар ва IT бўйича бепул билим олиши учун 500 миллиард сўм ажратилади. Ижтимоий аҳволи оғир 1 мингта маҳаллада инфратузилмани яхшилаш дастури амалга оширилади.
Камбағаллик даражаси сўнгги 4 йилда 23 фоиздан 11 фоизга тушди. Бу йил 9 фоизга тушиши кутилмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга жами 46,5 триллион сўм маблағ сарфланади.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида импортни 50 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда. Ҳукумат қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни 1,3 баробар ошириши, ҳар гектар ердан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиши зарурлиги таъкидланди.
Янги йилда сув тежайдиган технологияларни жорий қилишга 5 триллион сўм, каналларни бетонлашга 800 миллиард сўм йўналтирилади.
Мавзуга оид
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024
19 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:10 / 18.11.2024