Жаҳон | 08:31
2092
3 дақиқада ўқилади

AP: АҚШ Украинага 275 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратмоқда

Байден маъмурияти Трамп инаугурацияси олдидан Киевга янги ҳарбий ёрдам ва Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан қайтариладиган кўп миллиард долларлик қарз ҳақида келишиб олмоқчи.

Фото: AP

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага 275 миллион доллар (тахминан 260 миллион евро) миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини юборади. Бу ҳақда 19 ноябр, сешанба куни ўз исми сир қолишни истаган америкалик расмийларга таяниб, Associated Press хабар берди. Пакет таркибига оид тафсилотлар ҳозирча ошкор этилмаган.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти Украинага 100 миллион долларлик ноаниқ мудофаа ускуналари ва хизматларини сотишга рухсат берди, шу жумладан автомобилларни капитал таъмирлаш, техник қўллаб-қувватлаш, ўқитиш ва «бошқа тегишли логистика элементлари» билан бирга.

Бундан ташқари, Вашингтон ва Киев Украинага 20 миллиард долларлик кредит бериш шартлари бўйича музокараларнинг «илғор босқичида» бўлиб, унинг қайтарилиши Россиянинг Украинага ҳарбий босқинидан сўнг музлатиб қўйилган Россия Марказий банки активлари ҳисобидан амалга оширилади. AP суҳбатдошларига кўра, АҚШнинг амалдаги президенти Жозеф Байден маъмурияти жараённи йил охиригача якунлашни мақсад қилган.

Сибига: Украина қанчалик узоқроқ зарба берса, уруш шунчалик тезроқ тугайди

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига фикрича, Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш қобилияти урушда «бурилиш нуқтаси» бўлиши мумкин. Бу ҳақда у 18 ноябр куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми билан Ню-Йоркда БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши олдидан ўтказилган қўшма брифингда маълум қилди.

«Бу бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин», деди украиналик вазир Қўшма Штатлар Киев учун Американинг узоқ масофали қуроллари билан Россиядаги ҳарбий объектларга зарба бериш бўйича чекловларни бекор қилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ тақдим этиб. «Украина қанчалик узоқроқ зарба бера олса, уруш шунчалик тезроқ тугайди».

Сибига таъкидлаганидек, Киев ҳар доим «Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш ҳуқуқига эга» эканлигини таъкидлаб келади. «Бу бизнинг қонуний ҳуқуқимиз ва бу бизнинг тинч аҳолимизнинг ҳаётини сақлаб қолади», — дея қўшимча қилди Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.

Мавзуга оид