Жаҳон | 13:31 / 20.11.2024
4003
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Олий Радага Украинанинг «матонат режаси»ни тақдим этди

Зеленскийнинг «матонат режаси» қатор бандларни, хусусан, қурол ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни назарда тутади. Уруш пайтида сайловлар ўтказилмайди.

Фото: AP

Мамлакат президенти Володимир Зеленский 19 ноябр, сешанба куни Олий радада Украинанинг «матонат режаси»ни тақдим этди. Унинг асосий қоидалари Украина оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Раданинг бир қатор депутатлари томонидан Telegram'да баён этилган.

Қайд этилишича, режа 10 банддан иборат: «Бирлик», «Фронт», «Қурол», «Пул», «Энергетика», «Хавфсизлик», «Жамоатлар», «Инсон капитали», «Маданий суверенитет» ва «Қаҳрамонлар сиёсати» (фахрийларни қўллаб-қувватлаш).

Ҳужжатда бошқа нарсалар қаторида Украинада уруш даврида сайловлар ўтказиш мумкин эмаслиги ҳам қайд этилган. Украин матбуот Зеленскийнинг сўзларидан иқтибос келтиради: «Дунёда ҳеч ким Украинадан уруш пайтида сайлов ўтказишни талаб қилмаган ёки талаб қилмаяпти».

Қурол ишлаб чиқариш ҳақида

Режа 2024 йилгача камида 30 000 та узоқ масофага учувчи дронларни ишлаб чиқариш ва экипажлар учун «уларнинг автономиясини ошириш учун» молиялаштиришни кўпайтиришни ўз ичига олади. «Зеленский шунингдек, 3000 та қанотли ракеталарни ишлаб чиқиш (ишлаб чиқариш) вазифасини қўйган ва ҳарбий соҳада инновацияларни кучайтириш учун Технологик штаб ташкил этилади», деб ёзади Liga.net интернет нашри.

Бундан ташқари, Украина давлати раҳбари сафарбарлик ёшига етмаган фуқаролар учун Украина Қуролли кучларида хизмат қилиш бўйича  шартномалар тизимини ўзгартириш ниятида эканлигини маълум қилди.

Зеленский фронтдаги Покровск ва Купянск шаҳарларига ташриф буюрди

Украина президенти Володимир Зеленский 18 ноябр куни Донецк областининг Покровск ва Харкив областининг Купянск шаҳарларига ташриф буюрди. Покровскни ҳимоя қилаётган 25-алоҳида ҳаво-десант бригадаси жойлашган жойга ташрифи ҳақида у Telegramʼда: «Бу фронтнинг кескин қисми», деб ёзди.

У бригаданинг тўрт нафар аскарига «Ҳарбий хизматлар хочи» орденини топширди. «Фақат сизнинг мустаҳкамлигингиз туфайли Шарқ Россия Федерацияси томонидан тўлиқ босиб олинмаган», — деди давлат раҳбари Telegramʼда эълон қилинган видеода.

Зеленский бригада командири Евгений Ласийчукнинг Покровскдаги хавфсизлик ҳолати ҳақидаги ҳисоботини тинглади, шунингдек, ҳудудда янги мудофаа линиялари қурилишининг бориши билан танишди. Унинг сўзларига кўра, режалаштирилган нарсаларнинг аксарияти аллақачон жиҳозланган.

Украина ва Россия қўшинлари ўртасидаги фронт чизиғи урушдан олдин 60 мингга яқин аҳоли истиқомат қилган кончилар шаҳарчасидан саккиз километр жануби-шарқда жойлашган. Феврал ойида рус қўшинлари Донецк яқинидаги Авдийивка шаҳарчасини эгаллаб олишди ва шундан сўнг аста-секин Покровск томон олдинга силжишди.

Бошқа бир видеода Зеленский Купянскка сафари ҳақида хабар берди. Россия қўшинлари шаҳардан бир неча километр шимоли-шарқда жойлашган. У 2022 йил сентябр ойи ўрталарида Россиянинг олти ойдан ортиқ оккупациясидан сўнг озод қилинди, аммо фронт яна яқинлашмоқда. Бир неча кун олдин шаҳарга рус зирҳли техникаларининг кичик колоннаси кириб келган, аммо йўқ қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид