Ўзбекистон | 21:40 / 21.11.2024
3584
6 дақиқада ўқилади

20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Самарқанд вилоятини ривожлантириш тақдимоти, Малайзияда қонуний асосда иш, ёш қизнинг ўлимига сабабчи ҳайдовчига ҳукм, Тошкентда қалбаки 9 минг доллар савдоси тўхтатилди — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Самарқандда 4,1 млрд долларлик 120 та лойиҳани амалга ошириш имконияти аниқланган. Келгуси йилда вилоятда ҳудудий дастурлар доирасида камида 1 млрд 850 млн доллар инвестицияларни ўзлаштириш, 20 минг иш ўрни яратиш ва қўшимча 1,2 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисоб-китоб қилинган.

Паст Дарғом тумани Чимбойобод ҳудудида ҳокимлик захирасида турган 234 гектар ерда махсус саноат зонасини ташкил қилиш, тадбиркорлар 500 млн доллар инвестиция киритиб, фармацевтика, кимё, электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат лойиҳаларини бошлашга тайёрлигини билдирган.

Зарафшон дарёси атрофидаги 25 гектар тошлоқ ер «Ургут» эркин иқтисодий зонасига қўшилиб, 30 млн долларлик лойиҳаларга жой тайёрланади.

Дарғом канали бўйида 35 километрли туристик йўлак, Нарпай каналида гастрономик кўприк ташкил этиш орқали 500 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилади.

Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими имкониятларни ишга солиш бўйича чора-тадбирларни тақдимот қилди.

Янги Ўзбекистон парламентининг меъмори ким?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қайта сайланган депутат Акмал Саидов палатанинг 18 ноябр кунги илк мажлисида сўзга чиқиб, мажлисда иштирок этган президент Шавкат Мирзиёевни «Янги Ўзбекистон парламентининг меъмори» деб атади.

«Бугун мен парламентга оид яна бир қанча ҳикматли тушунчаларни киритганингизни эшитдим. «Янги Ўзбекистон парламенти», «Парламент – халқ уйи, демократия мактаби» дегандингиз. Бугун айтдингизки, «бугун бу – халқ хизматчиси». Кейин «Халқ уйидан халқчил қонунлар чиқиши керак», деган янги бир ҳикматли сўзларни айтдингизки, шунда мен ўйлаб қолдим. Ким бу Янги Ўзбекистон парламентининг ташаббускори, меъмори дейишса, мен сизни айтардим.

Қуруқ сўз бўлмаслиги учун рақамлар келтирмоқчиман. Мана шу сўнгги 8 йил ичида сиз мана шу минбардан 14 марта гапирдингиз. 4 марта Сенатда гапиргансиз. Ундан ташқари, 4 марта парламент олдида мурожаатномалар билан чиққансиз», – деди Акмал Саидов.

Саидовга кўра бу катта ўзгаришларнинг исботи. Ҳар бир ислоҳотда празидент парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, назорати, парламентлараро алоқалари бўйича фикрлар билдириб келгани қайд этилди.

Малайзияда қонуний асосда иш

Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Малайзиянинг Language Talent Solutions рекрутинг компанияси директори Жиндер Каур Сидҳу билан музокара ўтказди.

Унда Ўзбекистон фуқароларини қонуний асосда Куала-Лумпур шаҳрида муносиб иш билан таъминлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Жиндер Каур Сидҳу ҳозирги кунда компания турли мамлакатлардан 700 нафардан ортиқ фуқароларни маҳаллий корхоналарда ишга жалб қилаётганини билдирди.

Компания раҳбари АҚШ фирмаси билан биргаликда Америкадаги ўзбек мижозларга телефон орқали ўзбек ва инглиз тиллари бўйича таржима хизматларини тақдим этиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида биринчи босқичда 5 нафар ўзбекистонликни таржимон сифатида иш билан таъминлашга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда Малайзияда меҳнат фаолиятини олиб бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш, уларга ишлаш рухсатномаларни ўз вақтида расмийлаштириш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Ўлим билан тугаган авария айбдорига суд ҳукми

3 июн куни Фарғона вилоятининг Данғара туманида Lacetti ва Damas иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва Damas салонида кетаётган қиз вафот этган эди. 

Lacetti ҳайдовчиси ярим йўлда машина бошқарувини танишига берган ва у автомобилни соатига 130 километр тезликда ҳайдаган. Натижада у Lacettiʼни олдинроқда бораётган Damas автомобилининг орқа томонига зарб билан урган. Оқибатда ҳар икки машинадан жами 4 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, Damas салонида бўлган вояга етмаган қиз шифохонада вафот этган.

Судда айбланувчи ўз айбига қисман иқрор бўлиб, жабрланувчиларга келтирилган моддий ва маънавий зарарни қоплай олмаслигини айтган.

Суд аварияни содир этган ҳайдовчига 3 йил автомобил бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Тошкентда қалбаки 9 минг долларни сотмоқчи бўлганлар ушланди

Тошкент шаҳрида қалбаки долларларни сотаётган шахслар ушланди. 

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар беришича, Янгиҳаёт туманида икки фуқаро ва бошқалар Янги Сергели кўчасидаги савдо мажмуаси автотураргоҳида 100 долларлик купюрадаги жами 9 минг қалбаки долларни бошқа бир фуқарога 5 минг долларга сотган вақтида ушланди. 

Қалбаки купюралар ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси — қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш айблови билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид