Жамият | 20:04 / 21.11.2024
14741
4 дақиқада ўқилади

Отасининг ёнига кўмилган қизалоқлар: опа-сингил маст “пойгачи”нинг қурбони бўлди

18 ноябр куни Бахмал туманида Cobalt пиёдалар йўлагидан ўтаётган 4 ва 13 ёшли опа-сингилни уриб кетди. Қизалоқлар воқеа жойидаёқ жон беришди. Гувоҳларнинг айтишича, ҳайдовчи маст ҳолда бошқа бир автомобил билан пойга ўйнаган. Ҳодиса вақтида унинг тезлиги соатига 130 км чамасида бўлгани айтилмоқда. Қизалоқларнинг отаси ҳам 4 йил муқаддам автоҳалокатдан вафот этган эди.

Ҳолат 18 ноябр куни соат 19:30 атрофида Ўсмат шаҳарчасида, “Ғаллаорол-Бахмал-Супа-Зомин” йўлининг 29-километрида содир бўлган. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлди.

Маълум бўлишича, шу туманда яшовчи 33 ёшли эркак Cobalt машинасини Ўсмат йўналиши бўйича бошқариб келаётиб, йўлнинг белгиланган жойидан кесиб ўтаётган пиёдалар – 4 ва 13 ёшли қизларни уриб юборган ҳамда ҳодиса жойидан яширинган. Опа-сингил турли тан жароҳатлари олиб вафот этган.

Интернетда тарқалган видеода қизларнинг ёнида яна бир бола бўлганини, у машина юқори тезликда келаётганини пайқаб, олдинга ҳаракатланган ҳолда Cobalt уриб кетишидан омон қолганини кўриш мумкин.

Kun.uz аянчли ЙТҲ оқибатида дунёдан кўз юмганларнинг хонадонида ҳам бўлиб, марҳумаларнинг яқинлари ва гувоҳлар билан суҳбатлашди.

Тоғамнинг болалари эди. Булар оилада уч фарзанд, энг кичиги қизалоқ. Дўконга бордик. Мен ичкарига кирмай, ташқарида қолдим, қайтаётганда эса уларга етолмай қолдим. Икки синглим билан укам йўлнинг ўртасига ўтиб кетишди. Укам машинани кўриб қолиб, қочишга улгурган.

Машина ўта юқори тезликда келаётганди. Кўзимни очиб-юмгунимча сингилларимни машина уриб кетди. Катта синглим ариққа тушди, кичиги дўкон томонга учиб кетди. Катта синглимни ариқ ичидан чиқариб олишга ҳаракат қилдим, кучим етмади. Кейин кичкинасининг олдига бордим, у ҳали нафас олаётганди”, дейди марҳумаларнинг қариндоши.

Марҳумаларнинг холасига кўра, ЙТҲга маст ҳолатдаги ҳайдовчининг юқори тезликда ҳаракатлангани сабаб бўлган.

Куёвим 2020 йил шундай автоҳалокатда вафот этган. Икки қизи, бир ўғли қолганди. Синглим энди мана тўрт йил деганда кўникиб, болалари учун яшаётганди, уларни пешона териси билан боқиб келаётганди.

Хўжайинига роса қийналди, уни йўқотиб, энди болаларига овиниб яшаб юрганди. Мана энди бу воқеа бўлди. Йўлда 50 тезликда юриш керак бўлган белгилар бор. Эшитишимизча, соатига 130 тезликда ҳайдаб, Cobalt ва Жигули пойга ўйнаган. Шу ерда қизлар “пешеход”дан ўтаётган бўлган. Тезликда келиб уриб, яна тўхтамай қочиб кетган. Тўхтаб ёрдам қилганда ўлмасмиди. Кичиги шифохонага олиб боргунча тирик бўлган. Шифохонага ҳам кеч олиб боришган, бу ерда кўп қолиб кетган.

Дафтар-ручка сотиб олиш учун дўконга чиқишган бўлган. Синглим куйиб тамом бўлди”, дейди марҳумаларнинг холаси.

Ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид