Жаҳон | 00:59 / 21.11.2024
3073
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон 2025 йилги мудофаа харажатларини оширади

2025 йилги бюджет лойиҳасида мудофаа ва миллий хавфсизлик учун умумий давлат харажатларининг 20,3 фоизи ажратилган — бу 4,94 миллиард долларга тенг.

Фото: Sputnik

Озарбойжон 2025 йилги давлат бюджетида мудофаа ва миллий хавфсизлик харажатларини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда.

«Ушбу қадамлар ҳарбий салоҳиятни ошириш ва Арманистоннинг ҳарбийлашувига жавоб бериш зарурати билан боғлиқ», — дейди мамлакат молия вазири Самир Шарифов.

Вазирнинг сўзларига кўра, 2025 йилги бюджет лойиҳасида мудофаа ва миллий хавфсизлик учун умумий давлат харажатларининг 20,3 фоизи ажратилган — бу 8,396 миллиард манатга (4,94 миллиард доллар) тенг. Қайд этилишича, бу 2024 йилги прогнозлардан 17,8 фоизга ёки 2023 йилгидан 43,4 фоизга кўп.

«Озарбойжоннинг мудофаа ва миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳарбий қурилишлар модернизацияси харажатлар оширилишини талаб этади», — дейди молия вазири.

Маълум қилишича, 2025 йилда Озарбойжонда 1,56 миллиард доллар қуролли кучларга, 275,2 миллион доллар миллий хавфсизликка ҳамда 317,8 миллион доллар чегара хизматига ажратилади. Шунингдек, мудофаа ва миллий хавфсизликка оид бошқа фаолият турларига 2,77 миллиард доллар йўналтириш кўзда тутилган.

Ушбу харажатларни молиялаштириш Озарбойжон Давлат нефт жамғармасидан мамлакат бюджетига ўтказмаларни ошириш ҳисобига таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мудофаа ва хавфсизлик харажатлари 2023 йилда 3,2 триллион сўмга оширилган эди. Мудофаа харажатлари бошқа харажатларни камайтириш ҳисобига оширилган. Хусусан, Божхона қўмитаси ва Давлат захираларини бошқариш қўмитаси («Ўздавзахира») Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тузилмасига ўтказилиши муносабати билан харажатлар мос равишда 944,4 миллиард сўм ва 64,5 миллиард сўмга қисқартирилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид