Россия Украинага қитъалараро баллистик ракета билан ҳужум қилди — УҲК
Россия Қуролли кучлари 21 ноябр куни тонгда Днепропетровск областига бир неча хил ракеталар, хусусан қитъалараро баллистик ракета билан зарба берди, дея маълум қилди Украина ҳаво кучлари. Бу – тарихда илк марта қитъалараро баллистик ракетадан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш ҳолати бўлди. Москва бу маълумотни ҳозирча изоҳламади.
Telegram каналларда тарқалган видеоларга кўра, ракета ҳавода олтита жанговар каллакларга бўлиниб, ҳарбий техникаларни таъмирловчи “Южмаш” заводига тушган ва уни бутунлай вайрон қилган.
Маҳаллий нашрларнинг қайд этишича, заводда АҚШнинг урушда зарар кўрган Бредли пиёдалар жанговар машиналари ва Германиянинг Leopard танклари таъмирланаётган бўлган.
Украин томонига кўра, баллистик ракетага ядро бомбаси жойланмаган бўлса-да, кўп миқдорда – тахминан бир неча ўн тонналик анъанавий каллакдан фойдаланилган. Днепрга, шунингдек, Кинжал аэробаллистик ракетаси ва еттита X-101 қанотли ракеталари ҳам учирилган бўлиб, олтита X-101 ракетаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан уриб туширилган.
Мониторинг гуруҳларининг билдиришича, россиялик ҳарбийлар РС-26 “Рубеж” баллистик ракетасини Астрахан областидаги Капустин Яр полигонидан (Қозоғистон чегарасига яқин) учирган. Бундай типдаги ракетани фақат АҚШнинг THAAD ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тутиб қолиши мумкин, лекин бу тизим Украинда мавжуд эмас.
50 тонналик қурол Украина ҳудудига учиб келгунга қадар 5 дақиқадан камроқ вақт сарфлагани айтилмоқда.
Ушбу ҳужум АҚШ томонидан Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат берилгани ортидан рўй берди. Бу рухсат олингач, Украина 19 ноябр куни илк бор Россия ҳудудига, Брянск областига ATACMS зарбасини йўллади. 20 ноябр куни эса украиналик ҳарбийлар Британиянинг Storm Shadow ракеталари билан Курск областига ҳужум қилинди.
Кеча, 20 ноябр куни Киевдаги хорижий давлатлар элчихоналари, жумладан АҚШ элчихонаси эҳтимолий ракета ҳужумлари хавфи туфайли ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди.
Ғарб экспертлари Украинага доимий авиазарбалар берилаётгани фонида АҚШнинг алоҳида огоҳлантиришини ноодатий деб атаганди.
Ҳозирча Россия баллистик ракетадан фойдалангани борасида бирор расмий маълумот бермади. Бироқ 21 ноябр куни Россия ТИВ сўзчиси Мария Захарованинг одатий брифингида қизиқ ҳолат юз берди: брифинг вақтида Захаровага номаълум шахс қўнғироқ қилиб, ундан қитъалараро баллистик ракета отилгани масаласида изоҳ бермасликни талаб қилди. Захарованинг телефондаги суҳбати бу вақтда камераларга ёзиб олинган.
Мавзуга оид
15:06
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
14:22
Париж: Украина Россия ҳудудига SCALP ракеталари билан зарба йўллаши мумкин
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
23:13 / 23.11.2024