Жаҳон | 08:39 / 22.11.2024
2313
2 дақиқада ўқилади

АЭХА раҳбари Эрон ядро дастури бўйича ҳисобот тайёрлайди

АЭХА бошқарувчилар кенгаши резолюция қабул қилди, унга кўра Гросси 2025 йил баҳоригача Эрон ядро дастури бўйича ҳисобот тайёрлайди. Теҳрон бу ҳаракатни танқид қилди.

Фото: Askin Kiyagan/Anadolu/picture alliance

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бошқарувчилар кенгаши 21 ноябр, пайшанба куни резолюцияни қабул қилди, унга кўра ташкилот раҳбари Рафаэл Гросси 2025 йил баҳоригача Эрон ядро дастури билан боғлиқ вазият бўйича ҳисобот тайёрлаши керак.

Япониянинг NHK медиа-компанияси ўз веб-сайтида ёзганидек, ҳужжат 2019 ва 2020 йилларда аниқланган декларация қилинмаган объектларда уран излари борлиги каби масалаларни ўрганади. Бундан ташқари, резолюцияда Эрон АЭХА билан ҳамкорлик қилмаётгани учун қораланади ва агентлик Ислом Республикасининг ядровий фаолияти ҳақида кенг қамровли ҳисобот чоп этишга чақирилади.

Резолюция Германия, Франция, Буюк Британия ва АҚШ томонидан тайёрланган. Овоз бериш натижаларига кўра, ҳужжат АЭХА бошқарувчилар кенгашига аъзо 19 давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Яна 12 давлат бетараф қолди. Россия, Хитой ва Буркина Фасо резолюцияни рад этди.

Эрон ядро дастурига оид саволлар

АЭХА инспекторлари бир неча йиллардан бери Теҳрондан ядровий қурол яратиш нияти йўқлиги ҳақида далиллар олишга уриниб келишган. 21 ноябр куни АЭХА бошқарувчилар кенгаши Эрон ташкилот билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётганидан «чуқур хавотир» билдирди. Ғарб дипломатлари огоҳлантирганидек, Теҳрон бу йўлдан қайтмаса, Гроссининг ҳисоботи муаммони ҳал қилишга БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўшилиши учун асос бўлиши мумкин. АЭХА бошқарувчилар кенгашининг ўзи санкциялар қўя олмайди, аммо БМТ Хавфсизлик Кенгашида бундай имконият бор, дея тушунтиради dpa агентлиги.

Аввалроқ Теҳрон ўз томонидан икки хил имтиёзлар бериш имкониятини кўрсатган эди: уран қазиб олишни чеклаш, шунингдек, АЭХАнинг қўшимча инспекторларига виза бериш. АЭХА маълумотларига кўра, Эрон ўзининг юқори даражада бойитилган уран захираларини чеклашни Ғарб давлатлари ушбу мамлакатга қарши резолюция қабул қилишдан бош тортиш шарти билан таклиф қилган, деб ёзади NHK.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид