Жаҳон | 10:36 / 22.11.2024
1340
2 дақиқада ўқилади

Борис Писториус канцлерликка номзодини қўйиш ниятида эмас

Германия мудофаа вазири Борис Писториус ГСДПдан канцлер лавозимига ариза бериш ниятида эмаслигини айтди ва бу лавозимга амалдаги ҳукумат раҳбари Олаф Шолц номзодини қўллаб-қувватлади.

Фото: AP

Германия мудофаа вазири Борис Писториус Германия канцлери лавозимига даъвогарлик қилмаслигини маълум қилди. Унинг мурожаати 21 ноябр, пайшанба куни Социал-демократик партиянинг (ГСДП) Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди.

Писториус канцлер лавозимига номзодини илгари сурмаслик ҳақидаги қарорни бутунлай ўзи қабул қилганини тушунтирди. Бу ўрин учун курашда у Германиянинг амалдаги канцлери Олаф Шолцни қўллаб-қувватлади. «Олаф Шолц — кучли канцлер ва у канцлер лавозимига тўғри номзод», деб тушунтирди у. Шолц, унинг фикрича, «ақл ва эҳтиёткорлик тарафдори», бу ҳозирги каби инқироз даврида айниқса муҳимдир.

Dpa агентлиги маълумотларига кўра, ГСДПдан канцлер лавозимига Шолц номзоди партия раҳбариятининг 25 ноябр, душанба куни бўлиб ўтадиган йиғилишида кўрсатилади.

ГФР канцлери лавозимига «яшиллар»дан номзод Киевга TAURUS'ни ваъда қилди

Германия вице-канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек Германия ҳукумати раҳбари лавозимига сайланса, Украинага TAURUS узоқ масофали қанотли ракеталарини юборишга ваъда берди. Бу лавозимга «Иттифоқ-90»/«яшиллар» партиясидан номзод 17 ноябр куни ARD телеканалига берган интервюсида Киевга TAURUS етказиб берилишига қарши бўлган Германиянинг амалдаги канцлери Олаф Шолцнинг қарорини қайта кўриб чиқиш истагини билдирди.

Христиан-демократик иттифоқдан (ХДИ) Германия канцлери лавозимига яна бир номзод Фридрих Мерц аввалроқ худди шундай сайлов ваъдасини бериб, Шолцни стратегик қарашга эга эмасликда айблаган эди.

Олаф Шолц Киевни TAURUS ракеталари билан таъминлашдан бош тортишига Германиянинг урушга тортилиши хавфи сабаб бўлган. Бир кун олдин Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари, Шолцнинг Социал-демократик партиядаги партиядоши Борис Писториус ҳам Украинага TAURUS етказиб берилиши ҳақида салбий гапириб, Киевга қанотли ракеталарни етказиб бериш Украинадаги вазиятни ўзгартирмаслигини айтди.

Мавзуга оид