Ўзбекистон | 15:56
2305
2 дақиқада ўқилади

Россия компанияси Ўзбекистон фуқароларини қурилиш соҳасида ишга олмоқчи

Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Россиянинг Приморск ўлкасидаги йирик қурилиш корхоналаридан бири – "Яв-Строй" МЧЖ директори ўринбосари Валерий Вичужанин билан музокара ўтказди.

Фото: Дунё

Давлат раҳбарининг 2024 йил 17 октябрдаги "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида бўлиб ўтган учрашув давомида Ўзбекистон фуқароларини ушбу корхонадаги бўш иш ўринларига қонуний тарзда иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Валерий Вичужанин ҳозирги кунда корхона томонидан Приморск ўлкасидаги "Семья", "Андерсен", "Весна" ва "Изумрудный" каби турар жой мажмуалари бунёд этилаётганини билдирди. У ушбу қурилиш объектларида бир нечта мутахассисликлар бўйича бўш иш ўринлари борлигини ва Ўзбекистон фуқароларини қонуний тарзда ишга қабул қилишга тайёрлигини таъкидлади.

Приморск ўлкаси вакилларига Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ватандошларни қонуний тартибда чет элда ишга жойлаштириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган муҳим дастурлар ҳақида сўзлаб берилди.

Томонлар меҳнат миграцияси соҳасидаги биргаликдаги ишларни тез фурсатларда бошлашга келишиб олдилар.

Мавзуга оид