Жаҳон | 08:10 / 25.11.2024
4069
4 дақиқада ўқилади

Александр Дарчиев РФнинг АҚШдаги янги элчиси бўлиши мумкин

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Шимолий Америка департаменти директори Александр Дарчиев Россиянинг Вашингтондаги янги элчиси бўлиши мумкин, деб ёзади «Коммерсант» газетаси.

Фото: Россия ТИВ

Аввалроқ Канадада Москва номидан вакиллик қилган Россия ТИВ Шимолий Америка департаментининг 64 ёшли директори Александр Дарчиев Россиянинг АҚШдаги янги элчиси бўлиши мумкин. Бу ҳақда 24 ноябр, якшанба куни «Коммерсант» газетаси уч манбага таяниб хабар берди. «Ведомости» газетаси бу тайинлов ҳақида октябр ойида ёзган эди.

Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 20 ноябр куни номзод танлаб олингани, фармонни тасдиқлаш ва тайёрлаш жараёнлари олиб борилаётганини маълум қилди. «Биз яқин келажакда бундай тайинловни кутишимиз мумкин», деди Кремл матбуот котиби аниқ исмни айтмасдан.

«Бу - Полишинел сири»

«Бир неча ойдан бери бу - Полишинел сири. Қонунчилик чекловлари мавжуд бўлганлиги сабабли, биз бу жараённи ошкора изоҳламаймиз», дея маълум қилди Россия Ташқи ишлар вазирлиги РБК агентлигига.

«Ведомости» газетасининг таъкидлашича, бундай сценарийда элчи совет анъаналарига хос вазир ўринбосари лавозимидан эмас, балки Ташқи ишлар вазирлигининг департамент бошлиғи лавозимидан тайинланади.

Дарчиев Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг тарих факултетини тамомлаган. 1983-1992 йилларда АҚШ ва Канада институтида аспирант ва илмий ходим бўлган. 1992 йилдан буён дипломатик хизматда. 2014 йилдан 2021 йилгача у Россиянинг Канададаги элчихонасини бошқарган.

2022 йилда «Интерфакс» агентлигига берган интервюсида у «совуқ уруш даврида ишлаган унутилган тамойил» — «бир-биримизга юкламаслик керак бўлган, бизни ажратиб турадиган қадриятлар ва идеалларга қарамай, тинч-тотув яшаш» ҳақида эслашни таклиф қилди. Ўша интервюда дипломат «мамлакатларимиз ўртасидаги меъёрийлик қайта тикланишига» умид билдирди.

Россия ўз элчиси Антоновни АҚШдан чақириб олди

Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов АҚШдаги фаолиятини якунлаб, Москвага қайтди. Бу ҳақда 5 октябр куни Россия ташқи ишлар вазирлиги Россия ахборот агентликларига маълум қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Антонов «Вашингтондаги хизмат сафарини якунламоқда». Россиянинг АҚШдаги элчихонаси ТАСС агентлигига собиқ элчи бортида бўлган самолёт Москва вақти билан 5 октябр куни кечқурун Москвага учганини маълум қилди. Бу лавозимда Анатолий Антонов ўрнига ким келиши ҳақида маълумот берилмаган.

2017 йилнинг августида Россиянинг АҚШдаги элчиси лавозимига тайинланишидан олдин Антонов Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Хавфсизлик ва қуролсизланиш масалалари департаментида ишлаган. 2011-2016 йилларда у Россия Федерацияси мудофаа вазирининг ўринбосари, кейин эса Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлагани учун Антонов халқаро санкциялар остида, хусусан, Канада, Европа Иттифоқи, Швейцария ва Британияда.

The Insider эслатишича, 2022 йилнинг 20 февралида Россия «ДХР» ва «ЛХР» мустақиллигини тан олишидан бир кун олдин ва Украинада кенг кўламли уруш бошланишидан тўрт кун олдин Антонов Донбасс ва Луҳанск Украинанинг бир қисми эканлигини ҳамда Москва қўшни давлатга бостириб кириб, унинг ҳудудини эгаллаб олишни режалаштирмаётганини айтган. Кейинчалик у Россия расмийлари томонидан айтилган ҳар қандай баёнотларни такрорлашда давом этди.

Мавзуга оид