Жаҳон | 09:56
9295
3 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ: «Ҳизбуллоҳ» Исроилга 250 га яқин ракета учирди

«Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг шимолий ва марказий қисмига 250 га яқин ракета отди, дея хабар беради ЦАҲАЛ. Ливан армияси марказларидан бири Исроил ҳужумига учради.

Фото: Violeta Santos Moura/REUTERS

Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Ливандан Исроил шимоли ва марказига 250 га яқин ракета отди. Бу ҳақда 24 ноябр, якшанба куни Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) маълум қилди.

Ҳаракат вакиллари, ўз навбатида, биринчи марта Исроил жанубидаги Ашдод ҳарбий-денгиз базасига «ҳужумкор учувчисиз учоқлар ёрдамида» ҳаво ҳужумини амалга оширганликларини айтишди. «Ҳизбуллоҳ»нинг билдиришича, ракеталар ва ҳужумкор учувчисиз учоқлар Тел-Авивдаги «ҳарбий нишонга» ҳам зарба берган. Бундан ташқари, Исроилнинг Тел-Авив чеккасидаги Глилот ҳарбий разведка базасига ракета зарбаси берилди.

Исроил ҳарбийлари аниқ нишонлар ҳақидаги маълумотга изоҳ бермади.

AFP агентлигининг тиббиёт муассасаларига таяниб хабар беришича, камида 11 киши жароҳатланган, жумладан, бир эркак - турли манбаларга кўра, унинг аҳволи «оғир» ёки «ўртача» деб баҳоланган.

Тел-Авив яқинидаги Петаҳ-Тиквадан олинган кадрларда шикастланган ва ёниб кетган машиналар, шунингдек, вайрон бўлган уй акс этган.

Ливан армияси марказига ҳужум

Айни пайтда, AP агентлигига кўра, Исроилнинг Ливан армияси марказларидан бирига берган зарбаси натижасида бир аскар ҳалок бўлган, яна 18 нафари яраланган.

Исроил ҳарбийлари воқеадан афсусда эканини айтиб, зарба «Ҳизбуллоҳ»га қарши жанговар зонада амалга оширилгани ва дастлаб Ливан ҳарбийлари эмас, балки ҳаракат жангчилари нишонга олинганини маълум қилди. Ҳодиса таҳлил қилинмоқда, дея қўшимча қилди ЦАҲАЛ.

Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги тўқнашувлар бошланганидан бери Исроилнинг зарбалари натижасида 40 дан ортиқ Ливан аскари ҳалок бўлди, деб эслатади AP.

Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррел Европа Иттифоқига аъзо давлатларга Исроил билан мунтазам сиёсий мулоқотни тўхтатишни таклиф қилмоқда. Бунга асос сифатида мустақил халқаро ташкилотларнинг илгари эълон қилинган ҳисоботларида Исроил инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар қонунларни бузаётгани таъкидланган, деди Европа Иттифоқининг Брюсселдаги вакиллари 13 ноябр куни кечқурун dpa'га.

Агентлик, шунингдек, ЕИ бош дипломатининг оғзаки эълон қилган ташаббуси ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 18 ноябр куни бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинишини маълум қилди. Исроил билан сиёсий мулоқот 2000 йилда тузилган Ассоциация шартномаси деб аталадиган ҳужжат билан тартибга солинади. Унда бошқа нарсалар қатори, томонлар ўртасидаги муносабатлар инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойилларига ҳурматга асосланганлиги белгилаб қўйилган.

Мавзуга оид