Ўзбекистон | 13:27 / 26.11.2024
1098
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги парвозлар географияси кенгайтирилади 

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон бош вазирининг ташқи ишлар бўйича махсус ёрдамчиси Тариқ Фотеми билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди.

Покистонлик сиёсатчи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг жорий ҳолати дўстона ва самимий аҳамият касб этаётганлигини қайд этди. Олий даражадаги мулоқот алоқаларни жадал ривожлантириш имконини бераётгани таъкидланди. Шу маънода Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазирининг жорий йилдаги ШҲТ саммити доирасидаги самарали учрашувини давлатлар етакчилари ўртасидаги ҳамфикрликнинг олий намунаси бўлганлиги эътироф этилди.

"Олдимизда турган асосий вазифа – давлатларимиз етакчиларининг келишувларини аниқ лойиҳалар шаклида рўёбга чиқишни таъминлаш. Фақат шу йўсиндаги ҳамкорлик орқали мамлакатларимиз тараққиёт сари илдам одимлаши мумкин", - деди Тариқ Фотеми.

Махсус ёрдамчи, шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, Трансафғон темирйўли қурилишининг тез муддатларда бошланиши муҳимлигини қайд этди.

Бундан ташқари, Покистон томони мамлакатлар ўртасида авиақатновларнинг қайта тикланаётганини юқори баҳолаб, икки давлат ўртасидаги парвозлар географиясини янада кенгайтириш зарурлигига урғу берди.

Икки давлат ҳудудлари делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш орқали ҳудудлараро алоқаларни жонлантириш ва узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид