Жаҳон | 17:10
1346
2 дақиқада ўқилади

FT: Хитой мудофаа вазири коррупция ишида гумонланмоқда

Мудофаа идорасининг раҳбари Дун Цзюн айнан нимада гумонланаётгани ҳозирча номаълум. Ундан олдинги икки нафар мудофаа вазири ҳам коррупция борасидаги айбловлар туфайли лавозимидан айрилганди.

Фото: AP

Хитой мудофаа вазири Дун Цзюн коррупцияга оид иш фигурантига айланди, деб хабар беради Financial Times ўз манбаларига таяниб.

Мудофаа идорасининг раҳбари айнан нимада гумонланаётгани ҳозирча номаълум. Фақатгина унинг иши Хитой Халқ озодлик армиясидаги анча йирик коррупция терговига алоқадор экани айтилмоқда. ХХРнинг Вашингтондаги элчихонаси мазкур масала бўйича изоҳ беришдан бош тортган.

Дун Цзюн 2023 йил декабрда Хитой мудофаа вазири лавозимига тайинланган эди, ундан олдинги вазир Ли Шанфу эса коррупция айблови сабаб истеъфога чиқарилганди.

Шунингдек, коррупция иши туфалий Хитойнинг Ли Шанфудан олдинги мудофаа вазири — Вэй Фэнхэ лавозимдан айрилган эди. 2024 йил ёзда Вэй Фэнхэ ва Ли Шанфу Хитой Коммунистик партиясидан чиқарилган ва генерал унвонларидан маҳрум қилинган.

FT’нинг қайд этишича, Хитой Қуролли кучлари раҳбариятига нисбатан коррупция тергови Си Жинпиннинг обрўзига путур етказиши ва ҳарбийларнинг «2027 йилда Тайванга ҳужум қилиш потенциалини яратиш» имкониятларини шубҳа остида олиши мумкин. Бундай ҳужум режаси ҳақида аввалроқ Марказий разведка бошқармаси хабар берганди, Хитой ҳукумати бундай режа борлигини расман тасдиқламаган.

Мавзуга оид