Жаҳон | 00:28
1583
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинани ҳарбий хизматга чақирув ёшини 18 га туширишга чақирмоқда

Жо Байден администрациясига кўра, бу сафарбарлик резервини кенгайтиради ва украин армияси сафларини тезроқ тўлдиришга имкон беради. Таъкидланишича, жанг майдонидаги вазият аскарлар сонини сезиларли даражада оширишни талаб қилмоқда.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден администрацияси Украинага қуролли кучлар сонини ошириш учун сафарбарлик қоидаларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбасига таяниб, Associated Press хабар берди.

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Вашингтон Украинадан ҳарбий хизматга чақирув ёшини 25 дан 18 гача туширишни талаб қилмоқда. Америка администрациясининг фикрича, бу сафарбарлик резервини кенгайтиради ва украин армияси сафларини тезроқ тўлдиришга имкон беради. Манбанинг таъкидлашича, жанг майдонидаги вазият аскарлар сонини сезиларли даражада оширишни талаб қилмоқда, Украинанинг сафарбарлик ва янги ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш бўйича ҳозирги саъй-ҳаракатлари — етарли эмас.

Киевнинг ҳисоб-китобларига кўра, Украина армиясига қарийб 160 минг қўшимча ҳарбий хизматчи керак, аммо Вашингтон ушбу рақамлар кўпроқ бўлиши лозим, дея ҳисобламоқда. Россия кучлари Украина шарқида олдинга силжишни, шунингдек, Курск областида УҚКни сиқиб чиқаришни бошлаган. «Қўшимча сафарбарлик ва шахсий таркиб сонининг оширилиши жанг майдонидаги вазиятни ўзгартириши мумкин», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Америка томони дезертирлик қилаётган ёки ўзбошимчалик билан хизмат жойини ташлаб кетаётган аскарларга нисбатан талабларни кучайтиришни сўрамоқда. Вашингтонга кўра, бу мавжуд кучларни оптималлаштириш имконини беради.

Бундан ташқари, Ғарбий Европадаги иттифоқчилар аввалроқ Володимир Зеленскийга Украина армияси сонидаги муаммолардан хавотирда эканини билдирган. Уларнинг фикрича, аскарларнинг етишмаслиги Украинанинг операцияни давом эттириш имкониятини чекловчи муҳим омилга айланиши мумкин.

The Economist аввалроқ ғарб разведкалари, мудофаа идоралари вакиллари ва очиқ манбаларга таяниб, Украина уруш бошланганидан бери 60 мингдан 100 минг нафаргача ҳарбий хизматчисидан ажралган бўлиши мумкинлигини ёзган эди. Шунингдек, яна 400 минг украиналик ҳарбий оғир жароҳат олган.

Мавзуга оид