Жаҳон | 19:32 / 28.11.2024
1729
2 дақиқада ўқилади

Колумбия полицияси 225 тонна кокаин ва 6 та «наркосубмарина»ни мусодара қилди

«Орион» номи остида гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши ўтказилган кенг кўламли операцияда дунёнинг 61 та давлатидан бўлган полиция ходимлари ҳам иштирок этган.

Фото: Colombian Navy

Колумбия полицияси дунёнинг 61 та давлатидан бўлган ҳамкасблари билан биргаликда «Орион» номи остида гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши кенг кўламли операцияни ўтказди.

Қайд этилишича, олти ҳафта ичида 225 тонна кокаин мусодара қилинган (2022 йилда ушбу кўрсаткич 671 тоннани ташкил этган). Жами 1,4 минг тонна гиёҳвандлик воситалари, жумладан, минг тонна марихуана қўлга киритилган. Уларнинг умумий қиймати 8,5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Шунингдек, 400 дан ортиқ одам қўлга олинган.

Бундан ташқари, полиция «наркосубмарина»лар — узунлиги 10-25 метрга етадиган қўлбола сувости қайиқларини ҳам аниқлаган. Улар том маънода сувости кемаси эмас, чунки ҳаракат вақтида сув юзасида бироз чиқиб туради. Аммо уларни океан юзасидан пайқаш мушкул. Бундай кемалардан биринчи навбатда Австралияга гиёҳвандлик воситаларини ташишда фойдаланилади.

Маълумотларга кўра, Австралия бозорида кокаин нархининг қимматлиги (1 килограмми учун 240 минг доллар — АҚШдан 3-6 баробарга қиммат) уни наркосавдогарлар учун жозибали бозорга айлантирган. Гиёҳвандлик воситаларини бу каби усулда ташиш уларга портлардаги қаттиқ текширувларни айланиб ўтиш имконини беради.

Аввалроқ Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерида – Мёнхенгладбах, Дуйсбург ва Крефелд шаҳарларида, шунингдек, Фирзен, Хайнсберг ва Нойс округларида жойлашган озиқ-овқат дискаунтерининг ўн бир шохобчасида банан қутиларидан пакетларда жами 95 килограмм кокаин топилган эди.

Шунингдек, Испания ҳуқуқ-тартибот органлари оғирлиги 13 тоннага тенг кокаинни тўхтатиб қолгани тўғрисида хабар берилганди — бу мамлакат тарихида мусодара қилинган энг катта партиядир.

Мавзуга оид