Жаҳон | 14:12 / 30.11.2024
3118
3 дақиқада ўқилади

Украина ва Россия яна ҳалок бўлган аскарлар жасадини алмашди

Бу сафар Украина 52 нафар жасадни Россияга топширди ва 500 дан ортиқ ҳалок бўлган аскарларини қайтариб олди, уларнинг аксарияти Донецк областида жон берган. Уларнинг шахси мутахассислар билан биргаликда аниқланади.

Фото: Thibault Camus/AP/picture alliance

Украина Россия билан навбатдаги алмашинув чоғида ҳалок бўлган 502 нафар ҳимоячининг жасадини қайтариб олди, деб хабар берди Украина ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб 29 ноябр, жума куни Telegramʼда. Штабнинг аниқлик киритишича, гап Донецк, Запорижжя ва Луҳанск йўналишларида ҳалок бўлган украиналик аскарларнинг жасадлари ҳақида кетмоқда.

Бундан ташқари, Россия Федерациясидаги ўликхоналардан 17 нафар жасад қайтарилди, дейилади хабарда. Донецк областида энг кўп украиналик ҳимоячилар жон берди – 397. «Эксперт муассасалари билан биргаликда ҳалок бўлганларнинг шахси имкон қадар тезроқ аниқланади», — дейилади штабда.

Ўз навбатида, Россия Украинадаги урушда ҳалок бўлган Россия Қуролли кучларининг 52 нафар аскарининг жасадини алмашиш доирасида олди, деди Россия Давлат думаси депутати, парламент мувофиқлаштириш гуруҳи вакили Шамсаил Саралиев. Россия томонидан алмашинув Россия Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилди.

Топширилган жасадлар сонидаги фарқни Россия армияси ҳозир фаол илгарилаб бораётгани, ўлган рус ҳарбийлари эса босиб олинган ҳудудда қолаётгани билан изоҳлаш мумкин, дейди экспертлар.

Охирги жасадлар алмашинуви 8 ноябр куни бўлиб ўтди. Ўшанда ҳалок бўлган 563 ҳарбий хизматчи Украинага топширилди, 37 нафарининг жасади эса Россияга қайтарилди. Россия уруши бошланганидан бери Россия ва Украина мунтазам равишда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг жасадларини алмашиб келяпти. Алмашинувга Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) воситачилик қилади.

563 нафар ҳарбийнинг жасади Украинага қайтарилди

Украина расмийлари 563 нафар украиналик ҳарбийнинг жасадлари қайтарилгани ҳақида хабар берди. 8 ноябр куни Украинанинг ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаби Telegramʼда билдиришича, Донецк йўналишида 320 нафар ҳалок бўлганларнинг жасади қайтарилди.

Баёнотда яна 89 нафар ҳалок бўлган аскарнинг жасади Бахмут йўналишидан, 154 нафари Россия Федерациясидаги ўликхоналардан қайтарилгани айтилади. Операция "СБУ"нинг Бирлашган маркази, Украина Ички ишлар вазирлиги, Олий раданинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили офиси, Алоҳида вазиятларда бедарак йўқолганлар бўйича вакил котибияти, Украина Қуролли кучлари, Украина мудофаа секторининг бошқа тузилмалари, шунингдек, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Жасадлар ва қолдиқлар топширилгандан сўнг уларнинг шахсини аниқлаш амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид