Суриядаги исён: ҳукумат қўшини Ҳалабдан чекинди, Россия авиацияси шаҳарни бомбаламоқда
Сурия армияси ўз назоратидаги ҳудудларнинг бир қисмини эгаллаб олган ва мамлакатдаги иккинчи йирик шаҳар бўлмиш Ҳалабнинг асосий қисмини назорат қилаётган исёнчилар билан тўқнашувларда жиддий йўқотишларга учраётганини тан олди.
Сирия армияси шанба куни исёнчилар юриши бошланганидан буён берган илк расмий баёнотида суриялик ўнлаб ҳарбийлар мамлакат шимоли-ғарбидаги тўқнашувларда ҳалок бўлгани айтилади.
Манбаларга кўра, мухолифатчи кучлар босқини шу қадар катта бўлганки, ҳукумат армияси айрим жойларда ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан ва кўплаб ҳарбий техникаларини қолдирган ҳолда қочишга мажбур бўлган.
«Террорчилар сони кўплиги ва фронт кенглиги қуролли кучларимизни ҳужумни қайтариш, тинч аҳоли ва ҳарбийлар ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда қарши ҳужумга тайёргарлик кўриш учун мудофаа чизиғини мустаҳкамлашга қаратилган қайта жойлаштириш амалиёти ўтказишга ундади», — дейилган армия қўмондонлиги баёнотида.
Қароргоҳи Британияда бўлган Суриядаги инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази (SOHR) маълумотига кўра, чоршанба куни исёнчилар юриши бошланганидан буён 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, шундан 20 нафари тинч аҳоли вакилларидир.
Россия авиацияси 2016 йилдан буён илк бор Башар Асад кучларини ҳаводан қўллаб-қувватлашига тўғри келмоқда. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, жумадан шанбага ўтар кечаси Ҳалабнинг айрим ҳудудлари тўхтовсиз ўққа тутилган.
Россия ҳукумати зарбалар оқибатида Асаднинг мухолифатчилари бўлган 300 дан ортиқ қуролли киши йўқ қилинганини иддао қилган, аммо бу маълумот бошқа мустақил манба орқали тасдиқланмаган. Қайд этиш керакки, Украинадаги уруш давомида россиялик ҳарбийлар берган баёнотларнинг аксари кейинроқ ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум бўлди.
SOHR маълумотига кўра, исёнчилар аллақачон Ҳалаб аэропортини ҳамда атрофдаги ўнлаб шаҳар ва қишлоқларни эгаллаган.
Шунингдек, Суриядан исёнчилар навбатдаги йирик шаҳар Ҳама томон юриш қилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Ушбу шаҳар аввалдан исёнчилар назоратида қолаётган Идлиб вилоятидан жанубда жойлашган.
Айрим маълумотларга кўра, Ҳама марказидан 20 километр масофада шиддатли жанглар бўлиб ўтмоқда. Интернетда Сурия ҳукумати қўшинлари колоннаси Ҳамани шошилинч тарзда тарк этиб, Ҳомс шаҳри томон кетаётгани айтилган кадрлар пайдо бўлди (лекин бу видео ҳақиқийлиги ҳозирча тасдиқланмаган).
Асаднинг илк реакцияси
Шанба куни кечқурун Башар Асад илк бор бўлаётган воқеаларга муносабат билдирди. У камералар қаршисида кўриниш бермади (Сурия президенти қаердалиги бўйича ишончли маълумот йўқ), аммо унинг офиси қуйидаги баёнотни тарқатган.
«Сурия барча террорчилар ва уларни қўллаб-қувватловчилар қаршисида ўз барқарорлиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда давом этмоқда, — деган Асад Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарияти билан телефон орқали сўзлашувда. — У ўз дўстлари ва иттифоқчилари ёрдамида, террорчиларнинг ҳужумлари қанчалик фаол бўлишидан қатъи назар, уларни мағлуб этиш ва яксон қилишга қодир».
SOHR маълумотига кўра, исёнчилар Ҳалабдаги катта ҳудудларни ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан эгаллаб олган. Ташкилот вакили BBC билан суҳбатда шаҳар кенгаши биноси, полиция участкалари ва махсус хизматлар офислари бўшаб қолганини айтган.
«Бунақаси олдин ҳеч қачон кузатилмаганди», — деган SOHR вакили.
Бу исёнчилар 2016 йилдан буён Суриядаги ҳужумга илк бор ҳужум қилиши бўлди. Тўрт йил давом этган фуқаролик урушидан кейин, 2020 йилда улар Асад армияси кучлари томонидан ҳукумат қўшинлари назоратидаги ҳудудлардан улоқтириб ташланганди.
Шундан буён исёнчилар Идлибда, Ҳалабдан узоқ бўлмаган ҳудудларда ҳамда шаҳар шимолида, Туркия билан чегара ҳудудида мустаҳкам ўрнашиб олганди.
Якунланаётган ҳафтанинг чоршанба куни «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилигидаги мухолифат кучлари Ҳалаб томон юра бошлади ва жума куни шаҳарга етиб келди.
Россиянинг иштироки
Мамлакатнинг мухолифатчилар назоратида бўлган ҳудудларида ҳаракатланувчи қутқарув хизмати бўлмиш Сурия фуқаролик мудофааси Х платформасидаги (собиқ твиттер) саҳифасида Сурия ва Россия авиацияси Идлибдаги турар жой кварталлари, ёнилғи қуйиш станциялари ва мактабга авиазарбалар йўллагани ҳақида хабар берди.
Қутқарувчилар маълумотига кўра, бомбалаш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлиб, олти киши яраланган.
2015 йилда фуқаролик урушида Башар Асадни қўллаб-қувватлаш учун Сурияга ўз ҳарбий-ҳаво кучларини юборган Россия ҳозирда Дамашққа қўшимча ҳарбий ёрдам ваъда қилмоқда, суриялик ҳарбийлар орасидаги манбаларга кўра, бу ёрдам яқин 72 соат ичида кела бошлаши кутилмоқда.
Бундан олдинроқ Кремл матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков Москва исёнчилар ҳужумини Сурия суверенитети бузилиши ўлароқ баҳолашини айтганди.
«Биз Сурия ҳукумати ўз мамлакатида тартиб ўрнатиши ва имкон қадар тез фурсатда конституциявий тартибни тиклаши тарафдоримиз», — деган у.
Исёнчилар нега ҳужум бошлади?
Ҳафта давомида исёнчи бригадалардан бири «Жайш ал-Изза» қўмондони Мустафо Абдул Жобир улар армия назоратидаги ҳудудларда тезлик билан илгарилаши Ҳалаб вилоятида Эрон таъсиридаги кучлар етишмовчилиги туфайли рўй берганини айтганди.
Ғазодаги можаро Яқин Шарқнинг бошқа қисмларига ҳам ёйилгач, Эроннинг минтақадаги иттифоқчилари Исроил зарбалари оқибатида жиддий йўқотишларга учраганди.
Мухолифат жангчилари уларнинг ҳужуми ундан аввалроқ Сурия ва Россия авиацияси исёнчи кучларнинг жойлашув манзиллари, биринчи навбатда Идлиб вилоятига зарбалар йўллашига жавобан амалга оширилганини маълум қилган.
Бундан ташқари, мухолифат орасидаги Туркия разведкаси билан алоқада бўлган манбаларга кўра, бу ҳаракат Сурия армияси қуруқлик орқали юриш бошлашининг олдини олишга қаратилган.
Reuters агентлиги Сурия мухолифатидаги манбага таяниб, юриш учун яшил чироқ гўёки исёнчилар ҳаракатини қўлловчи Туркия томонидан берилганини хабар қилган.
Туркия ҳукумати бу борада изоҳ бермади. Бир кун олдинроқ мамлакат ташқи ишлар вазирлиги исёнчилар ва ҳукумат кучлари ўртасида Сурия шимоли-ғарбида бошланган тўқнашув Туркия қочишга уриниб келган эскалацияга олиб келишини билдирганди.
Kun.uz'нинг навбатдаги видеошарҳида мана шу ҳақда сўз боради. Видеони YouTube-каналимизда томоша қилинг.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
19:51 / 04.12.2024
Эксперт: исёнчиларнинг юриши таъсирли, аммо Асадни ҳисобдан чиқаришга эрта
23:19 / 03.12.2024
Сурияда хаос: Башар Асад Москвага қочдими?
18:28 / 03.12.2024
Россия ҳарбий кемаларини Суриядаги базадан олиб чиқишни бошлади – ОАВ
09:11 / 03.12.2024