Жаҳон | 15:11 / 02.12.2024
1311
2 дақиқада ўқилади

Исландиядаги сайловларда социал-демократлар ғалаба қозонди

Исландияда бўлиб ўтган парламент сайловларида овозлар санаб чиқилгач, мухолифатдаги Социал-демократик алянс етакчилик қилмоқда. Партия 2021 йилги сайловларга қараганда икки баробар кўп овоз олган.

Фото: RÚV

Исландияда 30 ноябр куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларида мухолифатдаги Социал-демократик алянс энг кўп овоз тўплади. Барча бюллетенлар санаб бўлингандан сўнг, партия 20,8 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда, деб хабар берди Исландия миллий радиоси (RUV) 1 декабр, якшанба куни. Бу Криструн Фростадоттир бошчилигидаги социал-демократлар Исландия парламентидаги (Алтинг) 63 ўриндан 15 тасини қўлга киритганини англатади.

«Мен қилган ишимиздан жуда фахрланаман. Биз одамлар сиёсий манзарада ўзгаришларни хоҳлаётганини кўриб турибмиз», деди Фростадоттир AFP'га.

Бу сайловлар натижаларига кўра, 2021 йилги парламент сайловлари натижаларига нисбатан социал-демократларни қўллаб-қувватлаш икки баравар кўпайган – ўшанда партия атиги 9,9 фоиз овоз олган.

Исландия бош вазири Бярни Бенедиктссон бошчилигидаги консерватив Мустақиллик партияси сайловларда 19,4 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу партиянинг бутун тарихидаги энг ёмон натижа, дея қайд этади AFP. Учинчи натижани 15,8 фоиз овоз билан «Тикланиш» либерал партияси кўрсатди.

Исландияда ҳукмрон коалиция олти ой ишлади

Бош вазир Бярни Бенедиктссоннинг Мустақиллик партияси, «Сўл-яшиллар ҳаракати» ва Прогрессив партиядан ташкил топган уч партияли коалиция 2024 йил апрелида тузилган, олти ой ишлаган ва октябр ойи ўрталарида парчаланиб кетган. Бунга, хусусан, миграция, энергетика ва ташқи сиёсат масалалари бўйича келишмовчилик сабаб бўлди.

Шу билан бирга, Исландиядаги сайловчиларнинг 60 фоизи учун эрта сайловлардаги ҳал қилувчи масалаларга соғлиқни сақлаш, инфляция ва уй-жой сотиб олиш имконияти айланди, деб таъкидлайди AFP.

Таҳлилчиларга кўра, бўлажак ҳукумат яна фақат уч-тўрт партия билан қайта тузилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид