14 йилда РФда интернетдаги постлар учун 30 мингдан ортиқ иш қўзғатилди
2010 йилдан бери Россияда ижтимоий тармоқлардаги постлар, репостлар ва бошқа онлайн ҳаракатлар учун 1000 дан ортиқ жиноий иш қўзғатилган. 14 йил ичида фойдаланувчилар таъқибга олинган моддалар сони беш баравар кўпайди.
2010-йилларнинг бошидан ҳозирги кунгача Россияда интернет фаоллик учун 30 мингдан ортиқ иш қўзғатилган ва уларнинг 1000 дан ортиғи жиноийдир. Бундай маълумотлар «Новая газета Европа», томонидан 2 декабр, душанба куни эълон қилинган тадқиқотда келтирилган.
Нашрнинг қайд этишича, кўриб чиқилаётган давр мобайнида фойдаланувчиларнинг онлайн баёнотлари учун жавобгарликка тортадиган моддалар сони сезиларли даражада ошган – 5 тадан 25 тагача, уларнинг ярмидан кўпи жиноийдир. «Агар 2010 йилда одамлар асосан гиёҳванд моддалар тарғиботи, экстремизм ва терроризмга чақириқлар учун судланган бўлса, эндиликда урушга қарши позиция, сепаратизмга чақириқлар ва яна кўп нарсалар ноқонуний ҳисобланади», — дейилади нашрда.
Тадқиқотга кўра, россияликлар нацистлар рамзлари, сепаратистлар томонида курашган чечен ижрочиси Тимур Муцураевнинг қўшиқлари, ўғрилар юлдузлари ва «Арестантское уголовное единство» субмаданиятининг бошқа белгилари, Алексей Навалнийнинг роликлари, «Нет войне» шиори ва бошқа контент учун фаол таъқиб қилинмоқда.
Онлайн фаоллик учун таъқиблар бўйича рекорд йил Украинага бостириб кириш йили, 2022 йил бўлди: унинг давомида урушга қарши позициялар бўйича протоколлар сони 2000 дан ошди. Уруш пайтида интернетдаги баёнотлар бўйича барча протоколларнинг учдан биридан кўпроғи ҳисобга олинди, Украинада тўлиқ миқёсли уруш бошланганидан бери жарима миқдори эса икки баравар ошди. 2024 йилда ишларнинг 10 фоизида судлар айбланувчиларни ўртача тўққиз кунга ҳибсга олди, бу 2010 йилдан бери максимумдир.
Ишларнинг асосий манбаси — «В контакте»
Интернет фаоллик учун ишларнинг асосий «донори» «В контакте»ижтимоий тармоғи бўлди — 20 минг маъмурий ва деярли 450 та жиноий иш. «Новая газета Европа»нинг таъкидлашича, хавфсизлик кучлари фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига чексиз кириш ҳуқуқига эга бўлган.
«В контакте»дан кейин очилган ишлар сони бўйича Telegram (2000 та маъмурий ва 254 та жиноий) ва «Одноклассники» (мос равишда 1000 та ва 23 та) туради.
«Telegram — бу Россияда жиноий ишлар учун асосий донорлардан бири бўлган ақлбовар қилмайдиган нарса», — дейди ҳуқуқшунос Евгений Смирнов. Ҳатто яширин Telegram-аккаунтлар куч тузилмалари томонидан доимий равишда анонимликдан чиқарилади. Бунда уларга бирлаштирилган маълумотлар базалари, шунингдек, «Глаз бога» ва «Инфосфера» каби деанонимизациянинг турли тизимлари ёрдам беради.
Журналистларнинг таъкидлашича, хавфсизлик кучлари айбланувчиларни ахборотчилар ва халқаро аэропортларда тинтувлар пайтида топади. Улар Россияда яшовчиларга интернетда ўзларини қандай ҳимоя қилиш бўйича маслаҳатлар беради: хусусан, икки факторли авторизацияни ўрнатиш, «В контакте», шунингдек, Россия почта ва булутли хизматларидан фойдаланмаслик, иккинчи аноним Telegram-аккаунт ва бир нечта электрон почта манзилларини яратиш.
Мавзуга оид
15:25 / 30.11.2024
РФ ёллаган болгар жосуслари Грозевни ўлдиришни режалаштирган
13:15 / 30.11.2024
ОАВ: РФ ҳарбийлари Беларусда украиналиклар учун лагер яратди
14:11 / 29.11.2024
Украинада РФ ҳарбийларининг асирларни отиб ташлаши тергов қилинмоқда
11:10 / 28.11.2024