Жаҳон | 13:03 / 08.12.2024
41429
14 дақиқада ўқилади

Башар Асад режими қулади. Асосий маълумотлар

Исёнчилар Дамашқни эгаллади. Асад бошқаруви якунига етди. Мухолифат кучлари телевидение орқали мурожаат қилиб, «тиран» Асад ағдарилганини маълум қилди.

Фото: Omar Haj Kadour / AFP / Scanpix / LETA

Сурияда ноябр ойи охирида Башар Асад қўшинларига қарши юриш бошлаган қуролланган гуруҳлар 8 декабрга ўтар кечаси ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан пойтахт Дамашққа кириб келди.

Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 6 атрофида исёнчилар Дамашққа киргани, шаҳар чеккасидаги Сайедная қамоқхонаси назоратга олингани ва у ердаги маҳбуслар қўйиб юборилганини маълум қилди. Сурияда фуқаролик уруши бошланган 2011 йилдан буён бу ерга Башар Асад режим мухолифлари қамаб келинган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, урушнинг дастлабки беш йили давомида бу ерда тўла махфийлик шароитида 5 мингдан 13 минггача киши қатл этилган.

Шундан кейин минглаб дамашқликлар кўчаларга чиқишди ва исёнчиларни олқишлашди.

Фақат ўнлаб кишилар шаҳарни зудлик билан тарк этишга уринди, аммо Дамашқ халқаро аэропорти рейсларни жўнатиш ва қабул қилишни тўхтатган, аэропорт ходимлари эвакуация қилинган.

Куннинг биринчи ярмида исёнчилар вакиллари телевидение орқали чиқиш қилиб, Башар Асаднинг 24 йиллик авторитар бошқарувига якун ясалганини эълон қилди. «Биз Сурия халқи билан маҳбусларимиз озод этилгани ва кишанлар парчалангани ҳақидаги хабарларни хурсандчилик билан нишонлаяпмиз, шунингдек, [Дамашқ чеккасидаги ] Сайеднаи қамоқхонасида адолатсизлик даври поёнига етганини маълум қиламиз», — дея исёнчиларнинг баёнотидан иқтибос келтирган Reuters.

Сурия телевидениеси эфирида чиқиш қилган исёнчилар мамлакатнинг дини ва сектасидан қатъи назар, барча аҳолиси учун ҳукумат тузишни ваъда қилди

Мухолифат вакиллари «Дамашқни эгаллаш бўйича оператив штаб» гуруҳи мухолифат жангчилари ва фуқароларни «Эркин Сурия давлати» давлат институтларини қўриқлашга чақирган.

Улар халққа мурожаатида «мужоҳидлар [яъни жангчилар] ва фуқароларни эркин Сурия давлати мулкларини асраш»га чақирган.

«Салом эркин ва ғурурли Сурия! Секталаридан қатъи назар барча сурияликларга», — дейилади исёнчилар баёнотида.

Сурияда фуқаролик уруши бошланган 2011 йилдан буён бу ерга Башар Асад режим мухолифлари қамаб келинган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, урушнинг дастлабки беш йили давомида бу ерда тўла махфийлик шароитида 5 мингдан 13 минггача киши қатл этилган.

Мухолифат вакили «Дамашқни эгаллаш бўйича оператив штаб» гуруҳи мухолифат жангчилари ва фуқароларни «Эркин Сурия давлати» давлат институтларини қўриқлашга чақирган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, минглаб кишилар Дамашқдаги асосий майдонга тўпланиб, «Озодлик!» дея ҳайқира бошлаган.

Машинада Дамашқ кўчалари бўйлаб ўтаётган сурияликлар байрам қилмоқда, 8 декабр
Фото: Louai Beshara/AFP via Getty Images

Сурия армияси қўмондонлиги офицерларга Башар Асад бошқаруви якунига етганини хабар қилган. Офиси Буюк Британияда жойлашган Суриядаги инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш маркази (SOHR) маълум қилишича, бу хабар ортидан Сурия армияси зобитлари хизматдан бўшаган. Армия ва хавфсизлик кучларининг юзлаб ҳарбий хизматчилари улар режим қулагани туфайли ишдан бўшагани маълум қилингач, ҳарбий либосларини ечишган.

Шу билан бирга, Сурия армияси Ҳама ва Ҳомс шаҳарларида, шунингдек, Дераа шаҳри атрофидаги ҳудудларда «террорчи гуруҳлар»га қарши курашни давом эттираётгани ҳақида маълум қилган.

Бу баёнот исёнчиларнинг маҳаллий телевидение орқали Дамашқ озод этилгани ва президент Башар Асад ҳукумати ағдарилгани ҳақида маълум қилишидан кейин берилган. Сурия армияси мамлакатдаги ҳодисаларни катта фитна деб атаб, фуқароларни огоҳликка ва Сурия барқарорлиги суверенитетини ҳимоя қилишга чақирган.

Ҳокимият тинч йўл билан топширилади

Айни вақтда Дамашқда бўлаётган ишлар юзасидан ягона расмий изоҳ Сурия бош вазири Муҳаммад Ғозий ал-Жалолий томонидан берилган. У ўз уйида экани ва президент Башар Асад Дамашқдан қочиб кетгани туфайли унинг ўрнига келадиган ҳар қандай ҳукумат билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Кейинроқ у пойтахтни эгаллаган исёнчилар қўмондонлиги билан алоқа ўрнатгани ҳамда мамлакатда зудлик билан навбатдан ташқари сайловлар ўтказиш лозимлигини маълум қилди.

Исёнчи кучлар раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўланий эса шаҳардаги давлат муассасалари ҳокимият топширилгунига қадар Сурия бош вазири назоратида қолишини ваъда берган, жангчиларга бу жойларга яқинлашмаслик буюрилган, шунингдек, шаҳарда қолган ҳукумат аъзолари хавфсизлиги кафолатланган.

Сурия армияси ва хавфсизлик кучларининг юзлаб ҳарбий хизматчилари улар режим қулагани туфайли ишдан бўшагани маълум қилингач, ҳарбий либосларини ечишган.

Шу билан бирга, Сурия армиясининг айрим бўлинмалари Ҳама ва Ҳомс шаҳарларида, шунингдек, Дераа шаҳри атрофидаги ҳудудларда қаршилик кўрсатишда давом этаётгани ҳақида хабарлар бор.

Асад қаерда?

Башар Асад исёнчилар пойтахтга киришидан бироз олдинроқ хусусий самолётда Дамашқдан номаълум йўналишда учиб кетган. 
Reuters агентлиги республикадаги икки манбасига асосланиб, Сурия президенти Башар Асад авиаҳалокат қурбонига айланган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. 

Syrian Air авиакомпаниясининг Ил-76 русумли, ичида Башар Асад бўлгани тахмин қилинаётган самолёти Сурия пойтахти аэропортидан ҳавога кўтарилган. Самолёт аввалига шарққа, Ироқ билан чегара томон учган, кейин эса бирданига шимоли-ғарбга бурилиб, мамлакатнинг Асадга мойил бўлган алавийлар назорати остидаги ҳудудлари томон уча бошлаган, бу ҳудудда Россия ҳарбий базалари ҳам жойлашган. Шундан кейин самолёт шу кунларда исёнчилар қўлига ўтган Ҳомс яқинида радарлардан йўқолиб қолган.

Шу билан бирга, самолёт экипажи транспондёрни атайлаб ўчириб қўйган бўлиши ва шу туфайли борт радарлардан йўқолган бўлиши мумкинлигини истисно этилмаяпти.

FlightRadar маълумотига кўра, радарлардан ғойиб бўлишидан олдин самолёт парвози баландлиги ва тезлиги аста-секинлик билан пасайиб борган.

Асад бошқаруви якунига етди

Асадлар оиласи Сурияни 1971 йилдан буён бошқариб келаётганди. Бўлажак президент Башарнинг отаси Ҳафиз Асад 1960-йилларда қатор ҳарбий давлат тўнтаришларида иштирок этган, бу жараён якунида мамлакатда Араб социалистик уйғониш партияси (БААС) ҳокимият тепасига келган. Кейин партия режими амалда Асад диктатурасига айланган. Ҳафизнинг ўғли 2000 йилда вафот этгач, унинг ўғли Башар ҳокимиятни мерос қилиб олган.

Оила алавийлар сектасига мансуб бўлган. Алавийликни ислом динининг шиа мазҳабининг бир тармоғи деб ҳисоблашади, лекин у христианлик элементларини ҳам ўз ичига олган. Алавийлар яшовчи соҳил ҳудудлари азалдан Асадлар оиласи таянчи ҳисобланган.

Асад, худди отаси каби сиёсий мухолифларини қаттиққўллик билан таъқиб этишда ҳамда Сурияда демократик институтларни йўқотишда айбланган.

Асадларнинг 50 йилдан ортиқ ҳукмронлик даврида уларнинг асосий мухолифлари сунний гуруҳлар бўлган. 1982 йилда Сурия армияси диний гуруҳлар исёни ўчоғи бўлган Ҳама шаҳрини бутунлай яксон этганди. 2011 йилда Сурияда «араб баҳори» ортидан демократия тарафдорлари намойиши бошланади ва у якунда ўн йил давом этган қонли фуқаролик урушига айланади.

Асад режими бу уруш аввалида Суриянинг каттагина қисми устидан назоратни бой беради, аммо Россия армияси ёрдами билан бу ҳудудларнинг аксарини қайтариб олади, 2015 йилдан Россия самолётлари Сурия шаҳарларини ёппасига бомбардимон қилишга киришганди. Шунингдек, Асадни Эрон раҳбарияти ҳам фаол қўллаган. 2020 йилда Суриядаги фуқаролик уруши музлатилади. «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» ва Асадни ағдаришда иштирок этган бошқа гуруҳлар сўнгги йиллардаги тинчлик даврида айнан ўша фуқаролик уруши иштирокчиларидан шаклланади.

2024 йилга келиб Россия ҳам, Эрон ҳам Асадга ёрдамга келолмади. Россия самолётлари Асадга қарши коалиция позициялари бўйлаб зарбалар йўллади, аммо уларнинг юришини тўхтата олмади. Эрон таъсиридаги ливанликларнинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўз кучларини Сурияга юборганини эълон қилганди, аммо Исроил билан уруш туфайли бу гуруҳ ҳам воқеалар ривожига таъсир қила олмайдиган даражада заифлашганди.

Башар Асаднинг отаси, Суриянинг собиқ президенти Ҳафиз Асаднинг Дамашқда ағдарилган ҳайкали

Исёнчилар юриши қандай давом этди?

Асад режими икки ҳафтадан камроқ вақт ичида қулади.

27 ноябр куни «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилигидаги коалиция Суриянинг Башар Асад ҳукумати назорати остидаги ҳудудларига юриш бошлаганди.

Улар икки кун ўтиб Ҳалабга киришди ва 2012-2015 йилларда Асад қўшинларининг ушбу шаҳардаги етиб бўлмас базасига айланган қадимий қалъа олдида фотосуратларга тушишди.

Бир неча кун ўтиб Ҳалаб ортидан яна бир йирик шаҳар бўлмиш Ҳама мудофааси ҳам қулади.

Сурия армияси аввалига Ҳама исёнчилар қўлига ўтгани ҳақидаги хабарларни асоссиз деб атади. Ҳарбийлар шаҳарнинг шимолий чеккаларидаги мустаҳкам мудофаа чизиқларини ушлаб тургани айтилди. Аммо кўп ўтмай армия раҳбарияти шаҳар қўлдан кетганини тан олди.

Шундан кейин исёнчилар Ҳомс томон юришни давом эттирди — бу Дамашқни Ўрта ер денгизи бўйида, асосан алавийлар яшовчи ҳудудлар билан боғловчи стратегик муҳим шаҳар эди. Бу диний озчилик доимо Асад режими таянчи бўлиб келган.

Шу билан бир вақтда мамлакат шарқидаги курд кучлари минтақадаги энг йирик шаҳар бўлмиш Дайр-Аз-Зорга кирганини эълон қилди. Ушбу шаҳардаги ҳукумат қўшини мамлакат марказига ҳаракатланиш учун шаҳарни ташлаб чиққан. Шунингдек, курдлар Ироқ билан чегарадаги назорат-ўтиш пунктларини ҳам эгаллаган.

Бундан ташқари, SOHR мамлакат жанубидаги Даръа шаҳрида исёнчи гуруҳлар ҳукумат қўшинларига қарши «шиддатли жанглар»дан кейин қатор ҳарбий объектларни қўлга киритгани ҳақида маълум қиллди.

Даръа шаҳри ҳам стратегик, ҳам рамзий аҳамиятга эга эди. У шу номдаги вилоят маркази бўлиб, Иордания билан чегарадаги муҳим ўтиш йўллари яқинида жойлашган. 2011 йилда айнан шу ерда демократик ўзгаришлар тарафдори бўлган кучларнинг намойишлари бошланиб, бу якунда шу вақтга қадар бир ярим миллиондан ортиқ кишининг ёстиғини қуритган фуқаролик уруши бошланишига олиб келганди.

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» қандай гуруҳ?

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» — Сурияда «Ан-Нуср» фронти базасида ташкил этилган мухолифат гуруҳи. 2014 йилда «Ан-Нусра» ўзини халифалик деб эълон қилган ИШИД билан алоқаларини узган ва «Ал-Қоида»нинг ҳудуддаги бўлими сифатида фаолиятини давом эттирган.

2017 йилда, Сурия армиясидан учралган давомли мағлубиятлардан кейин номини «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»га ўзгартирган ва террорчилик ташкилоти тамғасидан қутулиш учун «Ал-Қоида» билан ҳам расман алоқасини узган. Аммо АҚШ, Россия ва бошқа мамлакатлар уни ҳамон «Ал-Қоида»га алоқадор деб ҳисоблайди. Унинг раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жуланий ҳам энг хавфли террорчилар рўйхатидан чиқарилмаган.

Россиянинг Сурия ҳудудидаги базаларига нима бўлади?
Иля Абишев, BBC ҳарбий шарҳловчиси

Россиянинг Суриядаги бўлинмалари нафақат Тартусдаги ҳарбий-денгиз базасида ва Ҳмеймимдаги авиабазада, балки кўплаб бошқа жойларда бор — мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги курдлар назорати остидаги ҳудудларда, Дайр-аз-Зорда, Палмирада, Дамашқ жанубида. Улар стратегик объектларга хизмат кўрсатади ва нисбатан кам сонли.

Исёнчилар Ҳалабни эгаллаб, Ҳама, Ҳомс ва Дамашқ томон юра бошлагач, Россия қўмондонлиги Ҳмеймим ва Тартус йўналишидаги ҳарбий объектларни қўриқловчи ва уларга хизмат кўрсатувчи контингентни олиб чиқишга киришди. Аммо вазият тезлик билан ривожланди ва ҳозирча барча россиялик ҳарбийлар олиб кетилгани — аниқ эмас.

Қолаверса, Россиянинг Ҳмеймим ва Тартусдаги ҳарбий базаларини ҳам энди хавфсиз жойлар деб бўлмайди. Шанба куни исёнчилар Россия аэродромидан 30 км масофадаги тоғ тизмасига етиб келганди, бу эса уларнинг артиллерияси ва дронлари ўшандаёқ аэродромга ҳужум қилиш имкониятига эга бўлганини англатади.

Бир неча кун олдин ҳам исёнчилар колонналари бўйлаб зарбалар йўллаган Россия авиациясига нима бўлади?

Сунъий йўлдош тасвирларига қараганда, декабр бошида Россия кемалари ва катерлари Тартусдаги базани тарк этган. Аммо худди шу вақтда олинган бошқа кадрларда Россиянинг Ҳмеймимдаги авиабазага жойлаштирилган самолётлари ҳали жойида турганини кўриш мумкин.

«Базани эвакуация қилиш амалда имконсиз, — дея ёзди жума куни россиялик ҳарбий эксперт ва блогер, Fighterbomber канали муаллифи. — Энг яхши ҳолатда шахсий таркибнинг катта қисми ва ҳужжатларни эвакуация қилиб, соз ҳолатдаги самолётларни миниб кетиш мумкин».

Якшанба куни эса Fighterbomber авиабазадаги ходимлар техникаларни олиб кетишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзди: «Ихтиёримизда фақат битта аэродром қолган экан, тахмин қилиш мумкинки, техникалар Россияга олиб кетилади. Ёки Африкага ҳам бўлиши мумкин».

Блогер айни вақтда Россиянинг Тартус ва Ҳмеймимдаги базаларида ваҳима йўқлигини қайд этган. Унинг фикрича, бу Россия ва Туркия ўртасида келишув мавжудлигини англатади.

Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған 3 декабр кунги телефон мулоқотида Суриядаги вазиятни муҳокама қилганди.

Ҳозирда юзага келган вазиятда кўп нарса Туркиянинг позициясига боғлиқ. Ва катта эҳтимол билан, Анқара Россия қўшини Сурияни тўсқинликка учрамай тарк этишидан манфаатдор.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид