Жаҳон | 09:33 / 10.12.2024
2148
3 дақиқада ўқилади

Туркия Сурия билан чегарада қочқинлар учун ўтиш пунктларини очади

Сурия-Туркия чегарасидаги Яйладағи назорат пункти 2013 йилдан бери ёпиқ. Башар Асад режими ағдарилганидан бери юзлаб одамлар Сурияга қайтиш учун чегарага келган. 2011 йилдан бери Туркия 3 миллионга яқин суриялик қочқинни қабул қилди.

Фото: Anıl Atar/DHA

Туркия Башар Асад режими ағдарилганидан сўнг суриялик қочқинларнинг ўз ватанларига хавфсиз ва ихтиёрий равишда қайтишини осонлаштириш учун Сурия билан чегарадаги Яйладағи чегара пунктини очади. Бу ҳақда 9 декабр, душанба куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилди. Бу назорат пункти 2013 йилдан бери ёпиқ.

«Кечадан бери Сурияда қоронғи давр тугади ва янги, ёрқин саҳифа бошланди, Суриядаги кучли ўзгаришлар шамоли барча сурияликларга, айниқса қочқинларга фойда келтиради», деди Туркия президенти вазирлар маҳкамаси мажлисида.

Туркия ва Анқара томонидан қўллаб-қувватланаётган Сурия миллий армияси (СМА)нинг Сурия шимолидаги курд жангчиларига қарши олиб бораётган ҳарбий амалиётлари ҳақида гапирар экан, Эрдўған Туркия бошқа давлатлар ҳудудига даъво қилмаслигини, бироқ «ўз чегараларида терроризмга тоқат қилмаслигини» таъкидлади.

Туркия Суриядан 3 млнга яқин қочқинни қабул қилди

Сурия билан 900 километрлик чегарага эга Туркия 2011 йилда фуқаролар уруши бошланганидан буён қарийб уч миллион суриялик қочқинни қабул қилди. Башар Асад режими ағдарилгач, юзлаб сурияликлар ўз ватанларига қайтиш учун чегарага кела бошлади.

Европа давлатлари сурияликларга бошпана беришни тўхтатяпти

Германия миграция идоралари Сурия фуқаролари учун бошпана сўровларини кўриб чиқишни вақтинча тўхтатди. Бу маълумотни 9 декабр куни Германия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Соня Кок тасдиқлади. Der Spiegel журнали Миграция ва қочқинлар бўйича федерал идоранинг (BAMF) қарори ҳақида биринчи бўлиб хабар берди.

Австрия ҳукумати 9 декабр куни сурияликларнинг бошпана сўрови бўйича худди шундай қарор қабул қилган. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 7300 га яқин дастлабки мурожаатларни кўриб чиқиш тўхтатилган. Олдиндан тасдиқланган барча аризалар ҳам қайта текширилиши керак. Суриялик оилаларни бирлаштириш дастури ҳам тўхтатилган. «Шу нуқтайи назардан, мен вазирликка Сурияга репатриация ва депортация бўйича тартибли дастур тайёрлаш бўйича кўрсатма бердим», деди Австрия ички ишлар вазири Герхард Карнер.

Кеча кун давомида маълум бўлишича, Европанинг бошқа давлатлари: Буюк Британия, Дания, Италия, Нидерландия, Норвегия, Швейцария ва Швеция ҳам Суриядан қочқинларнинг бошпана сўровларини кўриб чиқишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган ёки буни қабул қилишга тайёрланмоқда. Франция ҳам буни истисно этмаяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид