Жаҳон | 12:41 / 14.12.2024
1353
2 дақиқада ўқилади

Россияда Viber мессенжерига кириш чекланди

Роскомнадзор россияликларнинг чорак қисми фойдаланадиган Viber сервисидан фойдаланиш имкониятини чеклади. Идора бу қарорни мессенжердан фойдаланган экстремистлар ва террорчилар таҳдиди билан изоҳлади.

Фото: AP

Роскомнадзор Россия Федерациясида Viber мессенжерига киришни чеклаганини эълон қилди. Қарор Россия қонунчилигининг ахборот тарқатиш ташкилотчиларига нисбатан талаблари бузилгани билан боғлиқ, деб хабар берди 13 декабр, жума куни идора.

«Экстремистлар ва террорчилар томонидан мессенжердан фойдаланиш таҳдидлари»

Ушбу талабларга риоя қилиш «мессенжердан террористик ва экстремистик мақсадларда фойдаланиш, фуқароларни уларни содир этишга жалб қилиш, гиёҳванд моддаларни сотиш, шунингдек, ноқонуний маълумотларни жойлаштириш билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олиш учун зарур», дейилади хабарда.

Viber мессенжери Япониянинг Rakuten компаниясига тегишли. Mediascope маълумотларига кўра, бир ойда Россия аҳолисининг ўртача 26 фоизи ундан фойдаланади.

Роскомнадзор «ахборот тарқатиш ташкилотчилари» (АТТ) реестрига интернет фойдаланувчилари учун алоқа имкониятларини тақдим этадиган платформалар эгаларини киритади. Ҳозирда у 400 дан ортиқ АТТни ўз ичига олади. Улар фойдаланувчиларнинг ўзаро алоқалари ва уларнинг ёзишмалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш ва ФСБга тақдим этишлари шарт.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид