Иқтисодиёт | 13:48 / 18.12.2024
2075
2 дақиқада ўқилади

Покистон супермаркетларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилади

Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги раҳбари Иброҳим Эргашев бошчилигидаги делегациянинг Покистонга сафари ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

Покистон озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқоти вазири ўринбосари Нилофар Ҳафиз ва савдо вазири ўринбосари Мария Кази билан учрашувда мамлакатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Якунда ўзаро манфаатли бўлган истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, ўзаро экспорт ва импорт маҳсулотлари рўйхатини кенгайтириш орқали савдо айланмаси ҳажмини ошириш, мунтазам равишда фитосанитария хизматлари ўртасида учрашувларни ташкил этиш ва рухсатномалар расмийлаштириш механизмларини янада соддалаштириш, Покистон супермаркетларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бурчагини ташкил этишга келишилди.

Шунингдек, ўзаро ахборот алмашиш, жумладан фитосанитария сертификатлари тўғрисидаги маълумотларни етказишда электрон ва рақамли платформалардан фойдаланиш борасида аҳдлашиб олинди.

Мамлакат делегацияси аъзолари қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи ва логистика-транспорт хизматларини кўрсатувчи Покистоннинг 30 дан ортиқ йирик компания вакиллари иштирокида G2B ва B2B шаклларида учрашувлар ўтказди.

Тадбирда ўзаро маҳсулотларни етказиб бериш тартиби, шартномада акс эттириладиган муҳим қоида ва мажбуриятлар, тўлов усуллари, логистика ва сақлаш омборларига оид масалалар хусусида батафсил маълумот алмашилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид