Жаҳон | 15:20 / 18.12.2024
1145
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Суриядаги дипломатик ваколатхонасини қайта очишга тайёр

Сурияда «вакуум қолмаслиги» керак, у ерда Европа Иттифоқининг мавжудлиги зарур, деди Европа Иттифоқи дипломатик раҳбари Кая Каллас. Брюссел янги ҳокимият билан мулоқотни бошлаш учун Суриядаги Россия базаларини ёпиш шартини қўймоқда.

Фото: Мария Ныркова/ ТАСС

Суриядаги янги ҳокимият билан музокаралардан сўнг Европа Иттифоқи Дамашқда дипломатик ваколатхонасини қайта очишни режалаштирмоқда. 17 декабр, сешанба куни Страсбургда бўлиб ўтган Европарламент йиғилишида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас: «Биз делегациямиз ишини қайтадан бошлашга тайёрмиз», деди.

Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи «Сурияда бўшлиқ қолдира олмайди». Шу билан бирга, у Европа дипломатик миссиясининг қайта тикланишини «жуда муҳим қадам» деб атади. Каллас, шунингдек, Европа Иттифоқининг Сурия бўйича элчиси Майкл Онмахт яқинда бу мамлакатнинг янги раҳбарияти ва фуқаролик жамияти билан «биринчи алоқаларни» ўрнатганини айтди.

Бир кун аввал Каллас ЕИ кенгаши йиғилишида Суриядаги фуқаролар уруши пайтида Ливан пойтахти Байрутда ишлаган Онмахт Суриядаги янги ҳокимият билан мулоқот қилишни бошлаш ниятида эканини айтди.

Ўз навбатида, Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Брюссел Сурия янги раҳбариятидан курдлар ва насронийлар каби озчиликларни ҳимоя қилишини кутаётганини таъкидлади.

ЕИ Суриянинг янги раҳбарияти билан алоқага чиқди

Сурияда Башар Асад режими қулаганидан кейин Европа Иттифоқи бу давлатнинг янги раҳбарияти билан алоқа ўрнатмоқда. Душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Калласнинг айтишича, ЕИнинг Сурия бўйича элчиси, немис дипломати Майкл Онмахт кун давомида Дамашқда бўлиши кутилмоқда. Суриядаги фуқаролар уруши пайтида у Ливан пойтахти Байрутда эди.

Калласнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Сурияда «вакуум» пайдо бўлишига йўл қўя олмайди ва шунинг учун у Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи сиёсат бўлимлари раҳбарлари билан Европа Суриядаги янги ҳокимият билан қандай ва қай даражада ҳамкорлик қилиши мумкинлиги ҳақида маслаҳатлашмоқчи.

Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Европа дипломатиясининг янги раҳбари Кая Каллас бошчилигида илк бор йиғилишмоқда. Уларнинг таъкидлашича, Брюссел Суриянинг янги раҳбариятидан курдлар ва насронийлар каби озчиликларни ҳимоя қилишини кутмоқда. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россиянинг икки ҳарбий базасининг Сурияда қолиши билан боғлиқ таҳдидларга эътиборни қаратмоқчи, деди Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси. Россия йиллар давомида Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлаб келган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид