Жамият | 21:30 / 20.12.2024
3166
3 дақиқада ўқилади

«Соғлом озиқ-овқат» таърифи янгиланди - энди у нимани англатади?

Таъриф 30 йил олдин ишлаб чиқилган ва шундан бери кўп нарса ўзгарди.

1990 йилларнинг бошида озиқ-овқат маҳсулотларини маркалашда «соғлом» атамасидан фойдаланишни тартибга солиш меъёрлари ишлаб чиқилганидан бери биринчи марта АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика назорати идораси (FDA) бундай даъво учун зарур бўлган мезонларни (.pdf) янгилади.

Озиқ-овқат маҳсулотининг ёрлиғига «соғлом» деб белгилаш ишлаб чиқарувчилар учун ихтиёрий бўлиб қолади, аммо бунинг учун улар ўз маҳсулотларини 2028 йил февралигача янгиланган мезонларга мос келишига ишонч ҳосил қилиши керак.

Аввалги «Соғлом озиқ-овқат» таърифи маҳсулотнинг соғлом деб эътироф этилиши учун унинг таркибида қанча тўйинган ёғ, натрий, умумий ёғ ва холестерин бўлиши мумкинлини белгилар эди. Озиқ-овқатлар, шунингдек, А ва С витаминлари, темир ва оқсилларнинг минимал миқдордаги ўзига хос озуқавий моддаларни ҳам ўз ичига олган эди.

Янги таъриф ҳали ҳам тўйинган ёғ ва натрийга чекловлардан иборат бўлса-да, энди у шакар миқдори чекловларини ҳам ўз ичига олди ва умумий ёғ чекловини олиб ташлайди.

Минимал талабларга келсак, асосий эътибор энди маълум озиқ моддаларга эмас, балки маълум озиқ-овқат гуруҳлари ва кичик гуруҳларга қаратилади: сабзавотлар, мевалар, сут маҳсулотлари, оқсиллар ва донга. Бу, FDA таърифига кўра, «якка ҳолда битта фойдали озуқага эътибор қаратишдан кўра, озиқ-овқатнинг умумий озуқавий таркибини яхшироқ акс эттиради».

Таърифнинг янгиланиши сабаблари иккита асосий омилга боғлиқ. Биринчиси, уни ҳозирги овқатланиш ҳақидаги замонавий фанга мослаштириш. Иккинчиси, овқатланиш билан боғлиқ касалликлар ҳозир АҚШда турли хасталик ва ногиронликнинг асосий сабаби сифатида кўрилаётгани. Мисол учун, одамларнинг 77 фоизи тўйинган ёғларнинг тавсия этилган миқдоридан кўпроқ истеъмол қилмоқда, 90 фоизи эса жуда кўп миқдорда натрий истеъмол қиляпти - иккаласи ҳам юрак-қон томир касалликлари хавфининг ошиши билан боғлиқ.

FDA «Соғлом» мезонларини янгилаш одамларга овқатланиш одатлари тўғрисида қарор қабул қилиши учун энг аниқ ва долзарб маълумотларни бериши, бу эса касалликларни камайтиришга таъсир этишига умид қилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид