Жаҳон | 22:17 / 25.12.2024
4321
2 дақиқада ўқилади

Финландия бир ҳафтада 280 минг ҳарбийни сафарбар этишга тайёр

Финландия мудофаа харажатларини оширишни бошлади. Мамлакат президенти зарурат туғилса 280 минг ҳарбийни сафарбарликка жалб этишга тайёрлигини билдирди.

Фото: PA

Финландия президенти Александр Стубб зарурат туғилгудек бўлса бир ҳафта ичида 280 ҳарбийни сафарбарликка жалб этиши мумкинлигини маълум қилди, деб ёзади Independent нашри.

Нашрга кўра, Финландия мамлакат мудофаасига кўпроқ маблағ ажратишни бошлаган. 2022 йилдан бери Ҳелсинки харажатлари ЯИМнинг 0,9 фоизига ошган.

Бунга қадар Финландия мудофаа вазири Антти Хяккянен ҳукумат мамлакатнинг кенг кўламли ҳужумларга, бир неча йилга чўзилиши мумкин бўлган потенциал урушлар ва ҳарбий босимларга қарши туриш имкониятини мустаҳкамлашини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, финлар ўз мудофаасини НАТО бўйича иттифоқчилари билан ҳамкорликда мустаҳкамлайди.

10 декабр куни президент Стубб финлар мамлакатнинг мудофаа харажатлари ошишига тайёр туриши кераклигини айтган эди. Унинг таъкидлашича, ҳукумат ўз манфаатлари йўлида шундай йўл тутмоқда.

Эслатиб ўтамиз, октябр охирларида Финландия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен Европа давлатларини мудофаага кўпроқ сармоя киритишга ва Россиядан келаётган таҳдидни тийиб туриш чораларига чақирганди. «Мен Путиндан ҳамма нарсани кутишга тайёрман», — деганди у.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид