Жаҳон | 11:27 / 26.12.2024
2280
3 дақиқада ўқилади

Россияда фуқаролар пул ўтказмалари устидан назорат кучайтирилади

Россия Федерацияси Марказий банки жисмоний шахсларнинг шубҳали операциялари тўғрисидаги маълумотларни банкларга узатадиган платформани ишлаб чиқмоқда. Регуляторнинг фикрича, бу бегона пулларни нақдлаштиришни янада самарали аниқлаш имконини беради.

Фото: Depositphotos

Россия банки (Россия Федерацияси Марказий банки) жисмоний шахсларнинг шубҳали операциялари тўғрисидаги маълумотларни кредит ташкилотларига узатиш учун платформани ишлаб чиқмоқда, деб хабар қилди РБК агентлиги 25 декабр, чоршанба куни Россия Федерацияси Марказий банкининг Молиявий мониторинг ва валюта назорати хизмати бошлиғи Богдан Шабляга таяниб. Ғояга кўра, хизмат дропперларни — бошқаларнинг пулларини ноқонуний равишда нақдлаштириш схемаларида иштирок этадиган шахсларни аниқлаш имконини беради.

Янги платформа қандай ишлайди

Ҳозирда Марказий банк шубҳали операциялар тўғрисида фақат мижози ўтказма муаллифи бўлган банкка хабар бериши мумкин. Янги тизим бундай маълумотларни бир вақтнинг ўзида барча кредит ташкилотларига тақдим этиш имконини беради. Шаблянинг сўзларига кўра, банклар олинган маълумотлар асосида карталарни блоклаши ва ҳисоб очишдан бош тортиши мумкин бўлади. Богдан Шаблянинг таъкидлашича, мақсад банклардан дропперлар билан боғлиқ схемаларда фойдаланишни «иложи борича қийин ва иқтисодий жиҳатдан фойдасиз» қилишдир. Унинг сўзларига кўра, «дропперлар маълумотлар базаси»га кириш ҳам маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ўтказиш учун сабаб бўлиши мумкин.

Мижоз бўйича якуний қарор унга хизмат кўрсатувчи банк томонидан қабул қилинади. Шу билан бирга, агар кредит ташкилоти потенциал дроппер тўғрисида маълумот олган бўлса, унга хизмат кўрсатишда давом этса, Марказий банк ушбу қарорнинг сабабларини аниқлайди.

«Агар тушунтиришлар тасдиқланган бўлса, бу биз учун ҳамма нарсани қайта текшириш ва алгоритмларни такомиллаштириш сигналидир. Агар биз банк базадаги маълумотлардан фойдаланмаётганини кўрсак, кейин эса ушбу банк орқали кўрсатилган усуллардан фойдаланган ҳолда шубҳали операциялар амалга оширилса, бу ташкилотда комплаенс самарасиз ташкил этилганлигини англатади», деб тушунтирди Шабля. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда регулятор ва банкларнинг мижознинг дроппер эканлиги ҳақидаги баҳолари деярли 100 фоизга тўғри келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид