Жамият | 16:18 / 29.12.2024
2268
1 дақиқада ўқилади

Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 15 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

Ўзбекистонга қайтган болалар яқин қариндошлари ҳомийлигига (васийлигига) ёки махсус болалар муассасаларига топширилади.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан биргаликда Россия ҳудудларида ота-она қарамоғисиз қолган 15 нафар вояга етмаган бола юртимизга қайтарилган. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистондан келган ишчи гуруҳ аъзолари қаровсиз қолган болаларнинг барча зарур ҳужжатларини йиғиш мақсадида икки ҳафта давомида Россиянинг турли ҳудудларида бўлган.

Сўнг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва ёрдамга муҳтож барча болалар дастлаб Москва шаҳридаги вояга етмаганлар учун мўлжалланган ижтимоий реабилитация марказига жойлаштирилган. Сўнг улар Ўзбекистонга қайтарилган.

Ўзбекистон элчихонаси томонидан болаларнинг ватанга қайтиши учун зарур сертификатлар бепул расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, болалар Ўзбекистонга қайтгач, яқин қариндошлари ҳомийлигига (васийлигига) ёки махсус болалар муассасаларига топширилади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид